Ҳарбийлар спорт мутахассисларидан сабоқ олмоқда

93

Мамлакатимизда миллий армиямизни янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида кейинги йилларда тизимда фаолият кўрсатаётган ходимлар учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси негизида Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилди. Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий авиация, Ҳарбий тиббиёт ҳамда Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтлари университет тасарруфидаги олий ҳарбий таълим муассасалари сифатида ўз фаолиятни янгидан бошлаши миллий армиямизда амалга оширилган энг муҳим ислоҳотлардан бири бўлди.

Мазкур олий ҳарбий таълим масканлари битирувчилари энди икки тизимда – ҳарбий ва фуқаролик йўналиши дипломларига эга бўлади. Бу билан Ватан ҳимоячиларининг нафақага чиққандан кейин жамиятимизнинг бошқа соҳаларида самарали иш юритиши, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига ҳисса қўшиши имконияти кафолатланади.

Яна бир эътиборли жиҳат, Мудофаа вазирлиги ва бир қатор яккакураш спорт турлари федерациялари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, ушбу ҳужжатга кўра, бўлғуси офицерлар ва олий ҳарбий таълим муассасаларида хизмат бурчини ўтаётган сержантлар учун спорт усталигига номзод ёки спорт устаси даражасини олиш учун зарур шарт-шароитлар яратилади. Амалга оширилган мазкур саъй-ҳаракат туфайли бокс, ўзбек жанг санъати, таэквонда, қиличбозлик, қўл жанги, каратэ федерацияларининг тажрибали мураббийлари Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетида ўз фаолиятини бошлаб юборди.

Соҳа мутахассиси подполковник Давлат Ваҳобовнинг таъкидлашича, сержант ёки бўлғуси офицернинг спорт даражасини олиши қўшинларда жанговар тайёргарликни янада оширишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети спорт кафедрасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устаси, ўзбек жанг санъати спорт қонун-қоидалари муаллифи Пўлат Усмонов, спорт усталари Алишер Содиқов, Шерпўлат Усмонов, Гулнора Бекмурадова сингари ўз касбининг моҳирлари узлуксиз машғулотларни олиб бормоқда.

Курсантлар ва сержантларнинг икки ой давомида тажрибали мураббийлардан олган кўникмаларининг намойиши ўтказилди. Кўргазмали машғулотлар жараёнида Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, соҳа мутахассислари икки ой давомида амалга оширилган ишлар сарҳисобини таҳлил қилди. Спорт мураббийлари ва мутахассислар ўртасида амалий ва назарий машғулотлар мундарижасини янада бойитиш тамойиллари хусусида фикр-мулоҳазалар, таклифлар илгари сурилди.

Т.Рўзиев, ЎзА