Талабалар фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракат қилиш бўйича билим ва кўникмага эга бўлди

43

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида талабаларнинг хавфсизлик маданиятини ошириш, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида университет раҳбарияти ва Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда «Маърифат дарси» ўтказилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар таълим муассасаларида мунтазам равишда шундай ўқув машғулотларини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Чунки фавқулодда вазиятлар табиий, техноген ёки инсон таъсири туфайли юзага келадиган ҳолат бўлиб, одамлар ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга, иқтисодиётга жиддий хавф туғдиради. Бундай вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш, биринчи ёрдам кўрсатиш ва хавфсизлик чораларига риоя қилиш инсон ҳаётини сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш, зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир.

– Ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ишлар билан бир қаторда, уларнинг ҳаёт хавфсизлигини таъминлаш, ҳушёрлик ва огоҳлик руҳида тарбиялаш муҳим, – дейди университетнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори С.Алаўатдинов. – Шунингдек, бундай дарслар нафақат назарий билим бериш, балки амалий тайёргарликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг тажрибали ходимлари фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича профилактик маърузалар ўқиди. Мутахассислар ҳаётда учраши мумкин бўлган хавфли вазиятлар ҳақида батафсил тушунча бериб, уларнинг оқибатларини камайтириш ва тўғри ҳаракат қилиш усулларини кўрсатиб ўтди.

Шунингдек, тадбир доирасида кенг кўламли махсус тактик ўқув машғулоти ўтказилди. Унда талабаларга ёнғин содир бўлганда бинодан эвакуация қилиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, хавфсиз жойга чиқиш тартиблари амалий тарзда кўрсатилди. Ўқув машғулотида иштирок этган талабалар ўзларининг билим ва кўникмаларини синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлди.

– Бугунги тадбирда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича амалий кўникмага эга бўлдим, – дейди талаба З.Нуржанов. – Жароҳат олганларга тез ёрдам кўрсатиш, юрак хуружи ва нафас тўхтаганда қандай ҳаракат қилиш кераклиги бўйича тушунтиришлар берилди.

Тадбир якунида Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари талабаларнинг саволларига жавоб бериб, хавфсизлик қоидаларига оид буклетлар ва эслатмалар тарқатилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги