Тошкентдаги иккита техникумда Хитой–Ўзбекистон устахоналари очилди

65

Ҳар бир ёш учун ҳаётдаги энг катта имконият — билим олиш имконияти. Айниқса, бу билим замонавий технологиялар билан боғлиқ бўлса, унинг қиймати икки карра ортиб боради.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўз ишини бошлаган «Ўзбекистон – Хитой» Иккинчи таълим форуми ёшларга илғор тажриба ва инновацион билим эшигини очмоқда.

Форум доирасида Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси ҳамда Хитойнинг ArkInno Hub (Shenzhen) Industrial Operation Co. Ltd. компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу келишув олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари, технопарклар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида инновацион ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг бир қатор касбий таълим муассасалари ва Хитойнинг илғор таълим ҳамда саноат ташкилотлари ўртасида ҳам меморандумлар имзоланди. Улар доирасида ўқитувчи ва талаба алмашинуви, қўшма ўқув лойиҳалари, Хитой тажрибасига асосланган ўқув дастурларини жорий этиш ва стартап ташаббусларни қўллаб-қувватлаш режалаштирилган.

Форум иштирокчилари учун университет ва техникумларга ташрифлар ҳам ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар таълим муассасаларининг ўқув жараёнлари, моддий-техник базаси ва халқаро ҳамкорлик йўналишлари билан яқиндан танишди.

Учрашувлар натижаси ўлароқ, Тошкент транспорт техникумида “Хитой–Ўзбекистон телекоммуникациялар саноати устахонаси”, ҳамда Шайхонтоҳур политехникумида “Хитой–Ўзбекистон янги энергия воситалари устахонаси” очилди.

Мазкур устахоналар телекоммуникациялар, яшил энергия технологиялари, электротехника ва энергия тежовчи механизмлар йўналишида ўрта бўғин малакали мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади.

Нигора Раҳмонова,

ЎзА