Сунъий интеллект ва рақамли инфратузилма бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун имтиёзлар берилади

69

Қорақалпоғистон Республикасида сунъий интеллект (СИ) ва рақамли инфратузилма яратиш соҳаларида қиймати 100 миллион доллардан зиёд бўлган лойиҳаларни амалга ошираётган хорижий компаниялар учун янги сармоявий имтиёзлар тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 22 октябрь куни имзоланган 189-сонли Фармони билан тасдиқланган ушбу имтиёзлар 2030 йилгача мамлакатнинг сунъий интеллект ва рақамли инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган.

Хусусан, қиймати 100 миллион доллардан ортиқ бўлган лойиҳаларга сармоя киритаётган инвесторлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган серверлар, график процессорлари (GPU) ва совитиш тизимларини импорт қилишда бож тўловлари ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилади.

“IT Park” резидентлари, шу жумладан булутли ёки сунъий интеллектга асосланган ҳисоблаш хизматларини экспорт қилувчи корхоналар, 2040 йилгача фойда солиғи, мулк солиғи ва ер солиғидан озод этилади. Шунингдек хорижий акциядорлар учун дивидендларга ноль фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси қўлланилади.

Мазкур лойиҳалар учун электр энергияси нархи ҳар киловатт-соат учун 0,05 доллар миқдорида (қўшилган қиймат солиғисиз) белгиланади. Операторлар юклама энг юқори бўлган соатларда энергия истеъмолини 20 фоизга қисқартириши ҳамда энергия таъминоти тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида умумий юклама ҳажмининг 30-35 фоизини қоплайдиган аккумуляторли энергия сақлаш тизимларини (BESS) ўрнатиши шарт.

Ҳукумат талабларга жавоб берувчи лойиҳаларни электр, сув, газ, йўл ҳамда толали-оптик алоқа каби ташқи инфратузилма билан таъминлаб беради. Бунинг учун инвесторлар ўз маблағларининг камида 25 фоизини киритиши талаб этилади. Бундан ташқари, инвесторларга халқаро тўловларни маҳаллий банк ҳисобварағидан ўтказмасдан, тўғридан-тўғри хорижий таъминотчи ва етказиб берувчилар орқали амалга оширишга рухсат берилади. Бунинг натижасида халқаро валюта ўтказмалари бўйича чекловлар бекор қилиниб, маъмурий кечикишлар қисқаради.

“Лойиҳалаштириш – харид қилиш – барпо этиш” модели қурилиш босқичларини бир пайтнинг ўзида олиб бориш имконини бериб, лойиҳани амалга ошириш муддатини тўққиз ойгача қисқартиради. Маъқулланган лойиҳалар учун ер майдонлари бевосита Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан ажратилади.

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, мазкур ташаббус натижасида “IT-Park” лойиҳасининг иккинчи босқичи сунъий интеллект технологияларини жорий этиш билан уйғунликда амалга оширилади. Унинг сўзларига кўра, янги объектлар график процессор инфратузилмаси билан жиҳозланган дата-марказлар ва СИ йўналишидаги стартапларни бирлаштирадиган йирик сунъий интеллект марказига айланади.

– Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонни махсус дата-марказлар минтақаcига айлантириш таклифини илгари суриб, 100 миллион доллардан ортиқ инвестиция киритадиган сармоядорларга имтиёзли шароитлар яратилишини маълум қилган. Ушбу ташаббус минтақа ривожига хизмат қилиб, йирик рақамли инфратузилма яратишга қизиқиш билдирган компанияларни жалб этиш имконини беради, – деди Ш.Шерматов.

Дастур Қорақалпоғистонни кўп энергия талаб қиладиган сунъий интеллект ва ахборот инфрутузилмаси лойиҳалари учун янада жозибадор ва рақобатбардош ҳудудга айлантиришга қаратилган бўлиб, бунинг учун ҳудуднинг шамол энергетикаси салоҳияти ва мавжуд ер ресурсларидан фойдаланилади. Бундай объектлар устувор равишда қайта тикланувчи энергия лойиҳалари амалга оширилаётган, шу жумладан Қўнғирот туманида қуввати 5 гигаваттлик шамол электр станцияси барпо этилаётган ҳудудда жойлаштирилади. Ушбу лойиҳа Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан Энергетика вазирлиги билан 2024 йилнинг май ойида имзоланган 6,2 миллиард долларлик келишув доирасида амалга оширилмоқда.

ЎзА