Нукусда Франция маданияти ойлиги ўтказилмокда

116

Жорий йилнинг 27 октябрь санасидан 30 ноябргача Нукус шаҳрида биринчи марта Франция маданияти ойлиги ўтказилади.

Шу бир ой давомида пойтахтимизда Франция, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни акс эттирувчи кўплаб маданий тадбирлар бўлиб ўтади.

Ушбу дастур И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиали, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Нукус филиали, Бердақ номидаги академик мусиқали театр, Бадиий академия, шунингдек, Нукус шаҳридаги бир қатор ўқув юртлари билан яқин ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Маданият кунлари доирасида, аҳолига турли кўргазмалар, концертлар, маҳорат дарслари, француз рассомлари, режиссёрлари ва созандалари билан ижодий учрашувлар бўлиб ўтади. Жумладан, маданият ойлигининг асосий воқеаларидан бири сифатида – ҳужжатли кино ҳафталиги, «Рақамли куз» рақамли санъат фестивали, фотокўргазмалар, Trielen учлигининг концертлари ва пианиночи Максим Зеккинийнинг яккахон чиқишларини айтиб ўтиш мумкин.

– Маданият кунлари доирасида ҳозирги кунларда белгиланган дастур бўйича Нукус шаҳридаги 1-сонли мактабнинг юқори синф ўқувчиларига француз ва ўзбек кинорежиссёрлари томонидан суратга олинган бир нечта ҳужжатли фильмларни намойиш этиб, уларнинг суратга олиш мотивлари ва маҳоратлари ҳақида ўқувчиларга кенг тушунчалар беряпмиз, – дейди ҳужжатли фильм бўйича тажрибали режиссёр Люк Товен. – Кейинчалик уларга ўзларининг ҳужжатли фильмини яратишига ёрдам берамиз. Мендан ташқари ушбу семинарда франциялик тажрибали режиссёр ва саёҳатчи Бруно Фроменто, тошкентлик ёш режиссёр Шерзод Назаров ҳам иштирок этмоқда.

Қорақалпоғистонга биринчи марта келишим.  Бу ер менга ёқди. Орол денгизи ва Савицкий музейи ҳақида интернет орқали маълумотларга эгаман. Энди шу сафар давомида ўша жойларга бориб саёҳат қилишни ҳам режалаштириб қўйибман.

Нукусда ўтказилаётган Франция маданияти ойлиги француз-ўзбек маданий мулоқотини ривожлантиришда муҳим босқич, тажриба алмашиш ва ўзаро бир-бирини бойитиш учун янги туртки бўлишига ишонамиз.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси