Суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди

116

Қорақалпоғистон Республикаси суди, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди ва Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси билан ҳамкорликда суд ҳужжатлари ижросини таъминлашга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Видеоконференсалоқа режимида ўтказилган семинарда республикадаги барча судьялар ва мажбурий ижро бюроларининг туман (шаҳар) бўлимлари ижрочилари иштирок этди.

Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси К.Тарихов очиб берди. У ўз нутқида ўтказилаётган семинарнинг аҳамиятига тўхталиб, суд ҳужжатлари ижросини таъминлашда давлат органлари ўртасидаги ҳамкорлик ва масъулиятни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, бу борада олиб борилаётган ишларни тизимли асосда давом эттириш лозимлигига эътибор қаратди.

Семинар давомида Қорақалпоғистон Республикаси жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлари томонидан 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойи давомида Мажбурий ижро бюроларига юборилган ижро ҳужжатлари, уларнинг ижроси ва қайтарилиши ҳолатлари бўйича батафсил таҳлиллар ўтказилди. Шу билан бирга, Мажбурий ижро бюроларига келиб тушган ижро ҳужжатларининг ижроси ва ҳозирги ҳолати муҳокама қилиниб, бу жараённи янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар ўртага ташланди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари А.Адилов сўзга чиқиб, туманлараро, туман ва шаҳар судлари раҳбарларига Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади. У мазкур ҳамкорлик суд ҳужжатларининг ўз вақтида ва самарали ижросини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканига эътибор қаратди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари А.Керимбаев суд ҳужжатларининг ижросини таъминлашдаги долзарб масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Айниқса, суд ҳужжатларини ижро этиш жараёнида учраётган муаммоларни бартараф этиш, ижро интизомини кучайтириш, судлар ва мажбурий ижро органлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Семинар якунида иштирокчилар томонидан суд ва Мажбурий ижро бюролари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ижро интизомини ошириш ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган амалий чора-тадбирларни янада кучайтириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги