Нукусда қидирувдаги шахс рассомчилик устахонасидан топилди

145

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси инспекторлари томонидан мунтазам равишда тадбирлар ўтказилмоқда.

Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси қидирув шуъбаси томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларининг бирида узоқ вақтдан бери алимент тўламай қочиб юрган шахс ушланди. МИБ Нукус шаҳар бўлими иш юритувида бўлган, фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг қарорига кўра, фуқаро Ю.Т.дан унинг аввалги турмуш ўртоғининг фойдасига алимент ундириш белгиланган. Бироқ қарздор бир неча марта огоҳлантирилишига қарамай фарзандларининг моддий таъминотидан бош тортиб келади.

Натижада қарз миқдори 75 миллион сўмдан ошиб кетади. Қарздор ота қочиб юрсам тўламайман, деган ўйда яшириниб юради. Юзага келган қарздорликни ундириш мақсадида унинг яшаш манзилига бир неча марта борилганда қарздор бу манзилда яшамаётганлиги аниқланади. Қарздорга нисбатан давлат ижрочиси томонидан қидирув эълон қилинган.

Олиб борилган тезкор ҳаракатлар давомида қарздор Нукус шаҳридаги рассомчилик устахонасида ишчи бўлиб ишлаётгани аниқланиб, қўлга олинди.

Шундай маҳаллий қидирувга берилган қарздорларни топиш бўйича тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги