Сувни тежаш – замон талаби

141

 

Халқаро Оролбўйи инновация марказининг Нукус туманидаги ғалла ва мева-сабзавот етиштиришга мўлжалланган даласида «Сув тежовчи технологияларнинг афзалликлари ва имтиёзлари» мавзусида кўргазмали семинар ўтказилди.

Тадбирда Оролбўйи халқаро инновация маркази директори Б.Ҳабибуллаев  Қорақалпоғистонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш зарурати ва эришилаётган натижалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, семинарда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Қ.Ачилов, Сув хўжалиги вазирлиги сектор бошлиғи А.Қидирбаев ва бошқалар сўзга чиқиб, сувни тежайдиган технологияларни жорий этган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга тегишли қарорлар асосида имтиёзлар берилаётгани ҳақида кенг маълумот бериб ўтди.

Таъкидланганидек, сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича Нукус туманида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган 2021-2025 йиллар давомида 6 та фермер хўжалиги томонидан 110 гектар майдонга томчилатиб, 12 та фермер хўжалиги 362 гектар экин майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий этилган.

Сувчилар, қурилишда пудратчи корхоналар вакиллари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар иштирок этган тадбир якунида мутасаддиларга сув тежовчи технологияларнинг афзалликларини кенгроқ тушунтириш ва харажатларнинг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан субсидия асосида қоплаб бериш тартиби жорий этилганини кенгроқ тушунтириш бўйича топшириқлар берилди.

Тадбир иштирокчилари далага ўрнатилган сув тежовчи технология ва унинг ишлаш жараёнлари билан яқиндан танишди. Ушбу технологияни ўрнатишга қизиқиш билдирганлар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги