Ерликлар «Супер Ой» ҳодисасига гувоҳ бўлишмоқда (+видео)

122

Жорий йилнинг 6-7-8 октябрь кунлари Ер аҳолиси навбатдаги табиий астрономик ҳодисага — супер ойни кузатиш имконига эга бўлишмоқда. Бу ҳолат ойнинг Ерга нисбатан энг яқин масофага келиши ва тўлин ой фазасига тўғри келиши натижасида юзага чиқади.

Ой Ерга 360 минг километрдан ҳам яқинроқ масофада бўлиши кутилмоқда. Астрономлар бу ҳолатни «Супер Ой» деб атайди — Ой одатдагидан 30 фоиз ёрқинроқ кўринади.

Астрономлар таъкидлашича, «Супер Ой»ни кузатиш учун энг қулай вақт — кечқурунги соатлар бўлиб, Ой осмонда катта ва жуда равшан кўринади. 8 октябрь куни Ой бироз узоқлашади, 23 октябрга келиб эса Ердан 406 минг километрдан ортиқ масофага чекинади.

Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти мутахассисларининг таъкидлашича, супер ой инсон саломатлигига хавф туғдирмайди ва асосан эстетик жиҳатдан қизиқарли ҳодиса саналади. Бироқ баъзи инсонлар уйқу муаммолари ёки эмоционал ўзгаришларни ҳис этиши мумкин.

Супер ойни шаҳар ёруғликларидан узоқроқ, очиқ ва тоза ҳавода кузатиш тавсия этилди. Бу галги ҳодиса Шимолий ва Жанубий Америка, Европа, Африка ҳамда Осиёнинг катта қисмидан жуда яхши кўриниши қайд этилди. Ўзбекистон осмонида ҳам об-ҳаво шароити яхши бўлган ҳудудларда супер ой тўлиқ намоён бўлди.

Астрономларнинг фикрича, 2025 йилдаги ушбу супер ой йил давомида кузатиладиган охирги шундай ҳодисалардан бири ҳисобланади. Келгуси супер ой 2026 йил баҳорида содир бўлиши кутилмоқда. Астрономия ҳаваскорлари ва фотографлар учун бундай табиий ҳодисалар ноёб имкониятдир.

Шунингдек, октябрь ойи осмон кузатувчилари учун яна бир неча астрономик ҳодисаларни тақдим этади. 13 октябрь куни Ой Юпитер билан, 19 октябрь тонгда эса осмондаги энг ёрқин сайёра — Венера билан яқин бурчакда кўринади. Бу ҳолатлар оддий кўз билан ҳам ёрқин тарзда кузатилиши мумкин.

Бундан ташқари, ой давомида Сатурнни кузатиш учун ҳам қулай шароит яратилади. 20 каррали катталаштиришда унинг ҳалқалари кўринади, 100 мм телескоп эгалари эса унинг йирик йўлдоши — Титанни томоша қилиш имконига эга бўлади.

Октябрь осмонида, шунингдек, икки комета — C/2025 A6 Lemmon ва C/2025 R2 Swan ҳам кўринади. Биринчиси шимолий ғарб, иккинчиси жанубий ғарб қисмида кузатилади. 21 октябрь куни эса Орионидлар метеор оқими авжига чиқиб, ҳар соатда 5 та юлдуз ёғдини кўриш мумкин бўлади.

Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА