Билимли талабалар эртанги ёруғ келажагимиз

120

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев, Президент Администрацияси раисининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Нодира Ҳакимова ва Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьяси Маликахон Қаландаровалар иштирок этди.

Дастлаб меҳмонлар университетда таълим жараёнлари ва яратилган шароитлар билан танишди. Шундан сўнг Юридика факультети талаба-ёшлари билан учрашиб, суҳбатлашди. Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, мамлакатимиз келажагини қуришда ёшларнинг тутган ўрни ва масъулиятини алоҳида таъкидлаб ўтди. Суҳбат давомида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар йўналиши, уларнинг жамиятимиз ҳаётидаги аҳамияти ва ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида сўзлаб берди.

Суҳбат давомида талабалар аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, ёшларнинг ҳуқуқий соҳада фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлашга оид ўз фикрларини билдирди. Ушбу учрашув талабаларда ҳуқуқий билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, уларни суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан таништиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги