Японияга сафар қилаётган ўзбекистонликлар сони ортмоқда

98

Жорий йилнинг ўтган ойларида туристик мақсадларда хорижга сафар қилган ўзбекистонликлар сони 3,5 миллион нафарга етган.

Бугунги кунда саёҳат учун энг кўп танланган йўналишлар қўшни давлатлар бўлса-да, узоқ масофага бўлган қизиқиш ҳам ортмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу йил юртдошларимиз ўртасида Буюк Британия ва Польша қаторида Японияга саёҳат қилиш ҳажми ортмоқда.

Жумладан, 2025 йилнинг январь–июль ойларида жами 1,7 минг нафар Ўзбекистон фуқаролари туристик мақсадларда Японияга сафар қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 663 нафарга ёки 1,6 мартага ошган.

Жорий йилнинг 7 ойида Японияга борган Ўзбекистон фуқаролари сафар мақсадлари бўйича қуйидагича тақсимланмоқда. Хусусан, саёҳат учун 1 минг 407 нафар, қариндошларни йўқлаш учун 196 нафар, ўқиш учун 103 нафар, хизмат юзасидан 28 нафар, даволаниш учун 4 нафар фуқаролар Японияга борган.

Уларнинг таъкидлашича, Япония сафар учун қулай, тинч ва аҳолиси маданиятли давлат ҳисобланади.

Гулноза Бобоева,ЎзА