Хусусий клиникалар – сифат кафолатими ёки рекламага асосланган ишонч?!

136

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тиббиёт соҳасининг ривожланиши билан бир қаторда, хусусий клиникалар сони ҳам ортиб бормоқда. Бу ҳолат, бир томондан, аҳолига қулай ва тезкор тиббий хизмат кўрсатиш имконини яратмоқда. Аммо бошқа томондан, бундай клиникалар фаолиятида юзага келаётган айрим салбий ҳолатлар, хусусан, сифатсиз хизмат, тажрибасиз шифокорлар фаолияти ва энг ачинарлиси, беморлар ўлими билан боғлиқ шов-шувли воқеалар жамоатчиликни жиддий ўйлантириб қўймоқда.

Кўпчилик фуқаролар хусусий клиника танлашда реклама асосида қарор қабул қилади. Айрим клиникалар машҳур санъаткорлар ёки оммага таниқли шахслар орқали фаолиятини реклама қилади ва шу орқали ишонч ҳосил қилинади. Табиийки, бу ёндашув маркетинг нуқтаи назаридан самарали бўлиши мумкин, лекин соғлиқ каби нозик масалада ишонч фақат реклама билан чекланиб қолмайди.

Рекламаси кучли бўлган, лекин мутахассис тайёргарлиги суст бўлган клиникаларда даволаниш нафақат фойдасиз, балки ҳаёт учун хавфли бўлиши мумкин. Сўнгги йилларда айрим хусусий клиникаларда нотўғри ташхис қўйилиши ёки жарроҳлик амалиётидан сўнг беморларда ўлим ҳолатларининг қайд этилиши ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу эса жамоатчилик орасида хусусий клиникаларга бўлган ишончсизликни кучайтирмоқда.

Хусусий тиббиёт муассасалари аслида давлат тиббий хизматларини тўлдирувчи, муқобил вариант сифатида кўрилади. Аммо уларнинг фаолияти устидан назорат етарли даражада олиб борилмаётгани жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Айрим клиникаларда лицензиясиз фаолият юритиш, мутахассислик даражаси паст бўлган ходимлар томонидан беморларни қабул қилиш ҳолатлари ҳам аниқланмоқда.

2023 йилда Тошкентда бир хусусий клиникада амалга оширилган оддий жарроҳлик амалиёти туфайли 27 ёшли бемор ҳаётдан кўз юмади. Текширувлар анча муҳокамаларга сабаб бўлди. Суриштирув натижасида, шифохонада фаолият юритаётган баъзи шифокорлар малака тоифаси бўлмагани, яъни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этмагани аниқланган.

Кўплаб одамлар хусусий клиникаларга боришни танлашининг яна бир муҳим сабаби, давлат шифохоналаридаги айрим муаммолардир. Мисол учун, тозалик, шароит, навбатлар, дори-дармон таъминоти уларни норози қилади. Аммо, давлат шифохоналарида ишлаётган кўплаб малакали, тажрибали шифокорлар ўз касбига масъулият билан ёндашади.

Давлат тизимидаги ушбу муаммолар молиялаштириш, шифокорларнинг ижтимоий ҳимояси, замонавий технологиялар билан ҳал этилиши мумкин. Агар бу йўналишларда тизимли ишлар олиб борилса, одамлар яна давлат шифохоналарига қайтишни афзал кўриши мумкин.

Хавфсиз соғлиқни сақлаш йўлида аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш фақат шифокорлар ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эмас, балки бутун жамиятнинг масъулияти. Хусусий клиникаларда беморларга ишончли ва малакали хизмат кўсатишни таъминлаш учун лицензиялаш ва сертификатлаш жараёнларини кучайтириш зарур. Ҳар бир клиника текширилиб, шифокорларнинг малакаси алоҳида баҳоланиши назоратга олиниши керак.

Тиббий хизматни баҳолаш мониторингини тузиш орқали клиникалар ҳақида мустақил экспертлар ва беморлар фикри асосида махсус рейтинг ишлаб чиқилиши мумкин. Қолаверса, иш ҳужжатлари ва хизмат кўрсатилишининг очиқ бўлиши орқали ҳар бир фуқаро шифокорнинг тажрибаси, дипломлари ва фаолият юритаётган муассаса ҳақида очиқ маълумотга эга бўлиши керак.

Таъкидлаш лозим бўлган яна бир муҳим жиҳат, инсонлар соғлиғи учун масъул ва улар онгли танлов қилиши керак. Бу эса тиббий хизмат сифати ҳақида хабардорликни талаб этади.

Хусусий тиббий хизматлар жамиятда муҳим ўрин эгаллайди. Aммо бу хизматлар соғлиқни сақлаш сифатини кафолатламайди. Ҳар бир фуқаро ўз соғлиғи учун масъулиятни чуқур англаб, танловни онгли равишда амалга ошириши лозим. Тиббиёт – бу реклама эмас, ҳаёт ва ўлим масаласи. Шу сабабли, ҳар қандай клиниканинг кўринишига эмас, балки мазмунига, яъни мутахассислар малакасига, хизмат сифати ва қонунийлигига эътибор бериш зарур. Давлат эса ўз навбатида, ҳар икки турдаги шифохоналар фаолиятини мувозанатда ушлаб, соғлом рақобат орқали сифатни оширишга интилиши мақсадга мувофиқ.

 

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА