Инсонийлик ва маънавий юксалишнинг ёрқин кўриниши

411

Муносабат

Президентимиз раҳнамолигида сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон манфаатлари, халқимиз фаровон ҳаётини таъминлаш, демократик қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Жамиятда адолат ва қонунийлик устувор бўлиши, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланиши бугунги ислоҳотларнинг устувор йўналишини белгилаб бермоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун барча шароитларни яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борада қонун устуворлиги, инсонпарварлик, демократия тамойиллари изчил ҳаётга татбиқ этилиб, халқимизнинг давлатга бўлган ишончи тобора мустаҳкамланмоқда.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги байрами арафасида имзоланган «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармон мамлакатимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатнинг амалий ифодаси бўлди.

Ушбу фармон билан 523 нафар шахс афв этилди. Бу қарор нафақат ўз айбини тушуниб, янгидан тўғри ҳаётга қадам қўйишга интилган шахслар учун, балки уларнинг оила аъзолари, фарзандлари учун ҳам умид ва қувонч бағишлади. Президентимизнинг бундай эзгу ташаббуслари инсонпарварлик, кечиримлилик ва мамлакатимизда амалга оширилаётган одил давлат сиёсатининг тимсоли сифатида аҳамиятлидир.

Афв этиш – бу жиноятни оқлаш эмас, балки қилган хатосини англаб, тузалиш йўлига кирган шахсларга иккинчи имконият бериш демакдир. Бу жараён жамиятимизда бағрикенглик, меҳр-оқибат ва кечиримлилик каби юксак инсоний фазилатларни янада юксалтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, афв этилган фуқароларнинг жамиятга қайтиши, муносиб ҳаёт кечириши ва мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиши учун янги имконият эшигини очади.

Фармоннинг муҳим жиҳати шундаки, у инсон тақдири билан боғлиқ масалаларда давлатнинг қанчалик меҳр-оқибатли ва инсонпарвар ёндашувларга таянаётганини яққол кўрсатади. Афв этилган шахслар учун жиноят йўлида эмас, балки ҳалол меҳнат қилиш, билим олиш ва эзгу ишлар билан шуғулланишнинг яна бир имконияти яратилмоқда. Бу эса, барчамизга катта сабоқ – ҳаётда тўғри йўлдан бориш, қилган хатоларимиздан тўғри хулоса чиқариш зарурлигини кўрсатади.

Мухтасар айтганда, мустақиллик – бу халқимиз учун нафақат тарихий ютуқ, балки инсонпарварлик ва адолатга асосланган демократик давлат барпо этиш имкониятидир. Президентимиз томонидан имзоланган ушбу афв фармони бугунги кунда мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларнинг инсон манфаатларига хизмат қилаётганини яққол исботлади.

523 нафар инсон тақдирига нур ва умид бағишлаган ушбу фармон нафақат уларнинг ҳаётида, балки бутун жамиятимизда янги маънавий муҳит яратишга хизмат қилади. Чунки кечиримлилик ва иккинчи имконият бериш – ҳар қандай жамиятнинг маънавий юксаклигидан далолатдир.

Пўлат Реймов,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги