Сенаторлар Ўзбекистоннинг Туркия ва Австриядаги дипломатлари амалга ошираётган ишларга эътибор қаратди

116

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида Ўзбекистоннинг Туркия ва Австриядаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

Мазкур ҳисоботларда давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, миллий маҳсулотлар экспортини ошириш, хорижий сайёҳларни жалб қилиш, олий ва юқори даражадаги ташрифлар доирасида қабул қилинган “йўл хариталари”ни ижро этиш масалаларига эътибор қаратилган.

Мажлисда давлатимиз раҳбари томонидан ташқи сиёсатимизнинг асосий мақсади — мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, миллий маҳсулотларимизнинг жаҳон бозоридаги улушини ошириш ва Ўзбекистоннинг халқаро имижини мустаҳкамлаш белгилаб берилганига яна бир бор урғу берилди.

Ўзбекистоннинг Туркия ва Австриядаги дипломатик ваколатхоналари томонидан 2024-2025-йилларда савдо-иқтисодий, инвестиция, экспорт, логистика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, илм-фан, маданият, туризм ва ташқи миграция каби муҳим соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ҳамда тегишли “йўл хариталари”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, Президентимиз раислигида жорий йил 30 июль куни мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, 13 август куни тўқимачилик соҳасида экспорт имкониятлари ва захираларни ишга солиш бўйича видеоселектор йиғилишларда элчихоналарга экспортчи корхоналарга хорижда бозор топиш, миллий маҳсулотларга сертификат ва рухсатномалар олиб бериш, хорижда савдо уйлари ва омборлар ташкил этиш, хорижий брендларни олиб келиш ва корхоналаримизга сертификатлар олиб бериш юзасидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш лозимлиги таъкидланди.

Мазкур дипломатик ваколатхоналарнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этишда уларнинг мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар ҳамда маҳаллий кенгашлар билан мунтазам ва тўғридан-тўғри алоқаларини йўлга қўйиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Ушбу мамлакатларда вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига сифатли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, савдо уйлари ва маҳаллий компаниялар билан алоқаларни фаоллаштириш, шунингдек, ўзбекистонлик тадбиркорлар ва ишбилармонларга яқиндан ёрдам бериш ҳамда мамлакатнинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий манфаатларини илгари суриш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди ҳамда тегишли тавсиялар берилди.

Мажлисда тегишли қарор қабул қилинди.

Н.Абдураимова,

ЎзА