Мамлакатимизда ярим йил давомида қанча сабзавот етиштирилди?

126

Қишлоқ хўжалиги – Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларидан бири бўлиб, сабзавотчилик соҳаси бу йўналишда алоҳида аҳамиятга эга. Аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ва маҳаллий бозорни тўлдиришда сабзавот маҳсулотлари етиштириш муҳим ўрин тутади.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январь-июнь ойларида республикадаги барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 3,8 миллион тонна сабзавот етиштирилган. Бу кўрсаткич йилдан-йилга ортиб бораётгани аграр соҳа ривожини белгилайди.

Ҳудудлар кесимида етиштирилган сабзавот экинлари ҳажми қуйидагича: Сурхондарё вилояти – 719,7 минг тонна, Андижон вилояти – 670,7 минг тонна, Фарғона вилояти – 511,8 минг тонна, Тошкент вилояти – 375 минг тонна, Самарқанд вилояти – 340,8 минг тонна, Наманган вилояти – 297, 7 минг тонна, Бухоро вилояти – 291,4 минг тонна, Қашқадарё вилояти – 205 минг тонна, Хоразм вилояти – 126,8 тонна, Сирдарё вилояти – 85,5 минг тонна, Навоий вилояти – 76,4 минг тонна, Жиззах вилояти – 63,9 минг тонна, Қорақалпоғистон Республикаси – 59,9 минг тонна.

2025 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, Ўзбекистонда сабзавот етиштириш барқарор ўсишда давом этмоқда. Сурхондарё, Андижон ва Фарғона вилоятлари мамлакатнинг сабзавотчилик бўйича асосий таянч ҳудудларига айланган. Бу ҳудудлар нафақат ички бозорни, балки экспортни ҳам етарли даражада таъминлаш имконига эга. Шу билан бирга, бошқа вилоятларда ҳам соҳага эътиборни кучайтириш орқали ҳосилдорликни ошириш, янги агротехнологияларни жорий этиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш лозим.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА