Қурбонбой жиров изидан… (Тўрткўлдаги юракка яқин учрашув)

221

1955 йили машҳур олим Қобил Мақсетов Москвадаги Шарқни ўрганиш институтининг аспиранти бўлиб юрганида халқ жирови Қурбонбой Тожибоев билан учрашиш ва ундан «Қирқ қиз» қаҳрамонлик эпосини ёзиб олиш мақсадида Тўрткўл туманига келади. Бироқ, «Қирқ қиз» достонини олдин С.Мавленов, Ш.Хўжаниёзов ва А.Бегимовлар ёзиб олганлиги сабабли Қурбонбой жиров уни қайта айтиб беришни маъқул кўрмайди. Шунинг учун, Қ.Мақсетов «Қоншойим» эпосини қоғозга туширади. Бир юртдан иккинчи юртга бориш бироз мураккаб, имкониятлар чекланган бўлишига қарамасдан, профессор Қ.Мақсетов бу эзгу ишни амалга оширишга эришган эди. Аммо, ҳозирги кунда юртимизда бир жойга бораман, учрашаман, изланаман, ўрганаман деган инсонга шароитлар етарли. Узоғимизни яқин қилувчи автомобильлар ҳар соат саин бир тумандан иккинчи туманга қатнаб, одамларни ва фикрларни яқинлаштирмоқда. Шундай бир пайтда, илмий мавзумнинг асосий объекти бўлган қорақалпоқ халқ жирови, 20 дан ортиқ достонни бизга мерос қолдирган Қурбонбой Тожибоевнинг излари бор, болалиги ўтган юртни кўришим керак, унинг муқаддас қабрини зиёрат қилиб, авлодлари билан суҳбатлашишим керак деган ўйлар, ниятлар кўнглимдан ўтди…

Қурбонбой Тожибоев 1876 йили Қорақалпоғистоннинг ҳозирги Тўрткўл туманининг Шўрахон участкасида туғилган. Уруғи – қора манғит. У қишлоғидаги муллага қатнаб, хат танийдиган даражага етади. Болалиги жуда оғир ва машаққатли ўтган. Шунинг учун, ёш вақтидан бошлаб мол боқиб кун кечирган. Бироқ, ўзида жировчилик санъатига қобилияти ва истеъдоди борлигини сезганидан, халққа танилган жиров бўлиб етишишни олдига мақсад қилиб қўяди. Доимо қўйнинг ортидан юриш Қурбонбой жировни шунчалик зериктирганки, уни чўпонлик касбининг сирлари эмас, балки қўбизнинг, дуторнинг овози қизиқтирган. Халқ қўшиқларига, достонларига, созга, бадиий сўзга бўлган қизиқиши чексиз бўлган Қурбонбой жиров Тўрткўлдаги Жиэмурат жировга, Бухородаги Холмурод жировга, Қўнғиротдаги Нурабилла жировга шогирд тушади. Узоқ йиллар давом этган шогирдлик натижасида у устозларининг бой репертуарини, достон, терма, тўлғовларни ижро этиш маҳоратини пухта ўрганиб олади.

16 август, 2025 йил. Бу кун мен учун унутилмас воқеага бой бўлди. Номи тарихнинг олтин саҳифаларига муҳрланган, юртдошларимиз ҳурматига сазовор бўлган Қурбонбой жиров репертуари ҳақида тадқиқот ишини (PhD) олиб бораётган бир пайтда Тўрткўл туманига йўл олдим. Жировнинг Тўрткўлда яшайдиган набиралари Даврон ва Бобур Қурбонбоевлар билан учрашдим. Мени илиқ юзлилик билан кутиб олди. Улар Қурбонбой жировдай улуғ зотнинг набираси эканлиги билан фахрланишини айтди.

Шунингдек, у ҳақида янги тадқиқот ишлари олиб борилаётганини эшитиб хурсанд бўлганини яширмади. Бу суҳбат мен учун илмий манба бўлиб қолмай, қалбимга нур солган сабоқ, маънавий бойлик бўлди. Энг муҳими, нафақат маълумотлар тўплаш билан чекландим, балки катта таассуротлар билан қайтдим. Айниқса, жировнинг асл шажараси, яъни, қариндошлари, невара-чеваралари, оиласи ва шахсий ҳаёти ҳақида илк бор эшитганларим катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, Қурбонбой жиров Сотимбой Қурбонбоев (1948-2003) ва Гулчеҳра Қурбонбоева (1950-1952) исмли фарзандларнинг отаси, 6 набиранинг отаси ва 19 чеваранинг бобоси эканлиги маълум бўлди.

Учрашув давомида Қурбонбой жировнинг ҳурматига яқинда ишланиб бўлинган бюстни ҳам кўриш насиб этди. Бюст тумандаги болалар мусиқа ва санъат мактабида жойлашган экан. Менимча, бу бюст шунчаки ёдгорлик эмас – жировнинг халқчиллигининг тимсоли. Шунингдек, унинг ҳаёти ва фаолиятига қаратилган алоҳида эътибор ва келажак авлодларга маънавий тарбия манбаи бўлиб хизмат қилади. Улуғ сиймонинг сиймосини акс эттирган бу асар катта масъулият билан яратилган. Энг қизиғи ўша куни бюст муаллифи таниқли рассом Абдулла Ражабов билан ҳам учрашдим. Тўрткўлга борган куним Тошкент шаҳридан хизмат сафаридан келган Абдулла ака билан учрашувимиз кутилмаганда юз берди. У бюстни яратиш жараёни, ғоя ва илҳом манбалари, қандай руҳ ва мазмун берганлиги ҳақида батафсил сўзлаб берди.

«Мен аслида, рассомман. Бу ҳайкалтарош сифатидаги илк ишим. Жировнинг ижодини жуда ҳурмат қиламан, унинг мухлисиман. «Қирқ қиз» достонини ўқиб чиққанман. Бу бюст – мен учун сўз қадрини англаш рамзи. Уни яратишга 7 ой вақт сарфладим. Жировнинг набира-чевараларини излаб келганингизни кўриб бошим кўкка етди» – дейди у, қувончини яшира олмаган ҳолда. Ҳақиқатан ҳам, бюстдаги ҳар бир чизиқ, ҳар бир ҳаракат ортида жировга бўлган алоҳида ҳурмат борлиги сезилиб туради. Бюстни ишлаган инсон билан тасодифий учрашувимиз ҳам балки Қурбонбой жировнинг шарофати бўлса керак деган ўйлар ўтди ичимдан…

Мен бугун Қурбонбой жировни ўзимча янгидан ярата олдим. Уни энди нафақат илмий ишимнинг объекти деб, балки юртини севган, халқ қалбида мангу яшайдиган инсон, бобо, ота ва фидойи эл фарзанди деб ҳам танидим.

Жировнинг авлодлари билан суҳбатлашиш орқали унинг халқ орасидаги обрў-эътибори бугунги кунда ҳам юксак эканлигига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Айниқса, тўй-байрамларда, ўтириш-йиғинларда, қўни-қўшни орасида жировнинг набираларига «жиров бобо» деб ҳурмат кўрсатилар экан. Бу жировнинг номи халқ орасида тирик эканлигини англатади.

Сафаримнинг муҳим қисмларидан бири – Элликқалъа туманида жойлашган Абдулла Норинжон бобо қабристонидаги Қурбонбой жиров қабрини зиёрат қилиш бўлди. У ерда қалбимда яна бир бор жировга нисбатан миннатдорлик туйғулари туғилди ва унинг руҳига Қуръон тиловат қилинди. Бу зиёрат илмий сафаримнинг чўққиси десам муболаға бўлмайди.

Шунингдек, туман ҳудудидаги давлат муҳофазасига олинган «Катта Гулдурсин» қалъасини ҳам зиёрат қилар эканман, Қурбонбой жировнинг ўзбек ва қорақалпоқ тилларида ижро этган «Гулдурсин афсонаси» номли достони хаёлимдан ўтди. Ўзининг импровизаторлиги ва бадиий фантазияси асосида у ушбу афсонани улкан эпик асар даражасига кўтарган. Ўша ерда Қурбонбой жировнинг маҳоратига яна бир марта қойил қолдим.

Бугунги кунда Қурбонбой жировнинг бир вақтлар достон ижро этган қўбизи Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида эканлигини маълумот сифатида келтириб ўтиш ўринли деб ўйлайман.

Илмий сафарим якунига етар экан, жировнинг номи ва ижодини абадийлаштириш мақсадида болалар мусиқа ва санъат мактабларидан бирига Қурбонбой жиров номи берилса, 2026 йилда жировнинг 150 йиллиги халқаро миқёсда нишонланса деган таклифлар ҳам кўнглимдан ўтаётгани ҳақиқат… Сабаби, биз ёшлар, изланувчилар, олимлар ва кенг жамоатчилик Қурбонбой жиров мерос қолдирган 20 дан ортиқ достон борлигини билишимиз, ўрганишимиз даркор деб ўйлайман.

Жировнинг достонлари нашр этилган «Қорақалпоқ фольклори»нинг жилдларини, ЎзР ОАКБ Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий тадқиқот институтининг фундаментал кутубхонасидаги эпосларнинг қўлёзма нусхаларини, шунингдек, жировнинг қиёфаси чизилган суратларини, унга тегишли бўлган барча буюмларини бир жойга тўплаб, кичкина бўлса ҳам уй-музейини ташкил этсак эди деган ўйлар билан Нукусга келдим.

Айшолпан Оразимбетова,

ЎзР ОАВ Қорақалпоқ гуманитар фанлар

илмий тадқиқот институти таянч докторанти

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги