«Мурувват» уйи тарбияланувчиларидан хабар олинди

120

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси бошлиғининг ўринбосари М.Махмадалиев божхона органлари томонидан оталиққа олинган Нукус шаҳридаги ногиронлиги бўлган аёллар «Мурувват» интернат уйида бўлиб, тарбияланувчилар учун муносиб шароит яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

250 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қиз ҳомийликка олинган ушбу муассасада яратилган шароитлар, беморлар учун ташкил этилган тўгараклар фаолияти билан танишган мутасаддилар бу ерда яшовчи аёлларнинг қўл меҳнати билан яратилган ҳақиқий санъат асари даражасидаги буюмларни томоша қилиб, ҳайратини яширмади.

Тўгаракларда шуғулланаётган тарбияланувчилар билан самимий қурилган суҳбат, уларнинг кўнглини бироз бўлса-да кўтарди.

Шу ернинг ўзида тарбияланувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида спортнинг шахмат ва шашка турлари бўйича спорт мусобақалари ўтказилди.

Унда тарбияланувчилар катта қизиқиш билан фаол иштирок этди.

Қизғин баҳсларга бой бўлган спорт мусобақалари якунида ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, эсдалик совғалари топширилди.

Бундай тадбирларнинг ўтказилиши «Мурувват» уйи тарбияланувчиларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини яратишга хизмат қилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги