Ўзбекистон ва Буюк Британия таълим тизими ўртасидаги мувофиқликни ўзаро тан олиш имкониятларини муҳокама қилмоқда

141

Ўзбекистон Халқаро малакалар ва баҳолаш маркази (ХМБМ) директори Ҳуснидин Ҳамидов ва Буюк Британия Миллий ахборот маркази (UK ENIC) раҳбари Кэтрин Хуан ўртасида онлайн музокаралар ташкил этилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашувда британиялик мутахассисларга ХМБМнинг мақсад ва вазифалари, шунингдек, марказнинг Буюк Британиянинг «Integrated Qualifications Framework» тизими билан ҳамкорликда амалга ошираётган лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Ўзбекистонда академик ва касбий дастурларни интеграция қилиш, талабалар учун халқаро таълим имкониятларини кенгайтириш, академик мобилликни таъминлаш борасидаги ишлар таъкидланди.

Томонлар ХМБМ томонидан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон миллий таълим тизимида тан олинган 3-7 даражали академик ва касбий дастурларнинг Буюк Британия қонунчилиги доирасида ҳам расман тан олиниши масаласини муҳокама қилдилар.

Британия томони ушбу дастурларнинг расман тан олиниши Ўзбекистон талабалари учун қўшимча имкониятлар яратишини маълум қилди. Бу эса талабаларга таълимни қисман Ўзбекистонда, қисман эса Британияда олиш имконини беради.

Учрашув якунида Халқаро малакалар ва баҳолаш маркази томонидан UK ENICга Британия таълим тизими билан Ўзбекистон миллий таълим тизими ўртасидаги мувофиқликни ўзаро тан олиш бўйича батафсил маълумот ва таклифларни тақдим этиш ҳамда ишчи музокараларни экспертлар даражасида давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

UK ENIC Буюк Британия ҳукумати ҳузуридаги халқаро малакалар ва кўникмаларни тан олиш ҳамда таққослаш бўйича расмий орган ҳисобланади. Ташкилот Таълим вазирлиги билан биргаликда хорижий дипломлар ва малакаларни тан олиш борасида ахборот ва маслаҳат кўмагини кўрсатиб келмоқда.