Коррупцияга қарши курашиш – ҳар бир фуқаронинг бурчидир

142

«Нукус-аэропорт» чегара божхона постида ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича навбатдаги тадбир ташкил этилиб, унда халқаро рейслар бўйича пост орқали ҳаракатланаётган фуқароларга божхона қонунчилиги тартиб-қоидалари тушунтирилиб, уларга ҳар қандай ҳолатда қатъий амал қилиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир давомида пост ходимлари божхона чегаралари орқали олиб ўтилиши тақиқланган товарлар рўйхати, товар-моддий бойликларни божсиз олиб ўтиш меъёрларига алоҳида тўхталиб, фуқароларга божхона қонунчилигини била туриб ёки қасддан бузишга уринмаслик, тақиқланган товарларни божхона чегаралари орқали олиб ўтмаслик ва белгиланган меъёрга амал қилиш бўйича тушунтириш ишларини олиб борди.

Таъкидлаш жоизки, қонунчилик талабларини билмаслик жавобгарликдан озод этмайди ва содир этилган ҳуқуқбузарликни яшириш мақсадида божхона ходимига «пора» таклиф қилиш қонунчилик талаблари асосида жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Шундай экан, иқтисодиёт ва жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи омил – коррупцияга қарши курашиш – ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, уларни божхона қонунчилиги билан таништириш коррупция ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир якунида фуқароларга божхона ходимининг тамагирлик, лавозимидан кетиш, «пора» талаб қилиш каби ножўя хатти-ҳаракатларига дуч келса, Божхона қўмитасининг 11-08 қисқа ва Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасининг (61) 224-90-86 ишонч телефон рақамларига қўнғироқ қилиши сўралиб, махсус буклетлар тарқатилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги