Китоб ва интернет: Рақобатда қай бири устун?

153

Ўзбекистонда кейинги йилларда китобхонлик масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Бу эътибор ортида оддий маданий масала эмас, балки миллатнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, замонавий дунёда муносиб ўрин эгаллаш мақсади ётибди.

Президент ташаббуси билан китобхонликка оид бир қатор қарор ва фармонлар қабул қилинди. Мактаб ва олий таълим муассасалари кутубхоналари янгиланмоқда. “Ёш китобхон”, “Энг яхши китобхон мактаб” каби танловлар йўлга қўйилди. Электрон кутубхоналар ва онлайн платформалар ишлаб чиқилмоқда.

Бироқ, бугун инсонларнинг энг яқин дўсти телефон бўлиб қолди. Интернет ва ижтимоий тармоқлар кундалик ҳаётимизга шунчалик кириб келдики, ҳатто эрталаб уйғониш билан, аввало телефонни қўлга оламиз.

Интернет инсонга хабарларни тез олиш, маълумот топишнинг енгиллиги, ҳатто электрон китоб ўқиш каби жуда кўп қулайликлар яратди. Аммо ижтимоий тармоқлар вақтни беҳудага сарфлаш, дангасаликни келтириб чиқарди. Ҳатто кўпчиликда асабийлик кайфиятини кузатиш мумкин.

Китоб ўқиш интернетдан фарқли равишда инсонни сабр ва диққатга ўргатади. Масалан, 100 бетлик романни ўқиган одам нафақат воқеаларни, балки қаҳрамонларнинг ички кечинмаларини ҳис қилади, чуқур мулоҳаза қилади.

Яна бир муҳим жиҳат — интернет ахборотни беради, аммо уни саралашни ўргатмайди. Китоб эса аввалдан сараланган билим манбаи. Мисол учун бир илм соҳаси бўйича китоб муаллифи йиллаб тадқиқот қилиб, тажрибадан ўтиб, сўнг асар яратади. Демак, китоб — синаб кўрилган ва уйғунлаштирилган билимнинг шакли.

Социологик тадқиқотларнинг кўрсатишича, интернетдан кўп фойдаланган инсон маълумотга бой бўлади, аммо кучли фикр юритиш борасида орқада қолиши мумкин. Китоб ўқиган инсон эса камроқ маълумотга эга бўлса-да, унда таҳлил қилиш ва хулоса чиқариш қобилияти кучли бўлади.

Аммо инсон ҳаётида бирини танлаб, иккинчисидан воз кечиш мумкин эмас. Китоб ва интернет уйғунлиги — замонавий тараққиётнинг асосий йўли. Инсон интернетдан ахборот олса, уни китоб орқали чуқурлаштириши лозим.

Шундай экан, рақобатда ғолиб — инсоннинг ўзи. Агар у интернетни тўғри бошқарса ва китобга муҳаббатини йўқотмаса, бу икки манба унинг дунёқарашини бойитиб, маънавий етук шахс бўлиб шаклланишига хизмат қилади.

Нигора Раҳмонова,

ЎзА