Эрон президенти Нетаняҳуни пуч орзуларга берилмасликка чақирди
Эрон Ислом Республикаси етакчиси Масъуд Пезешкиён Исроил бош вазири Бенямин Нетаняхунинг мамлакатдаги сув танқислигини ҳал этиш бўйича ёрдам таклифини кескин танқид қилди. Унга кўра, Ғазо аҳолисини сув ва озиқ-овқатдан маҳрум қилаётган давлатнинг бундай ваъдалари “фақат саробдир”.
Нетаняху сешанба куни эронликларга йўллаган видеомурожаатида Эроннинг оғир сув танқислигини ҳал этишга ёрдам беришини айтди.
Пезешкиён эса ҳукумат йиғилишида бунга жавобан “Ёлғон раҳм-шафқат кўрсатишдан олдин Ғазо ва у ердаги ҳимоясиз аҳолига, айниқса, болалар ҳолатига ачинсинлар” дея таъкидлади.
Маълумки, Эрон ҳозирда кескин сув танқислиги ва электр энергияси етишмовчилиги билан юзлашмоқда. Ҳукумат иссиқ тўлқинлар ва ортиб бораётган энергия истеъмоли сабаб мамлакатнинг катта қисмида давлат идоралари ва банкларни вақтинча ёпишга мажбур бўлди.
Айни пайт Теҳронда ҳаво ҳарорати 40°С дан ошмоқда. Аҳолига куннинг энг иссиқ пайтларида ташқарига чиқмаслик, сув ҳамда электрдан тежамкорлик билан фойдаланиш тавсия этилди. Ўлкада соатига 62 минг мегаватт электр ишлаб чиқарилмоқда, бироқ эҳтиёж 80 минг мегаваттни ташкил этади. Ҳозирги икки соатлик навбатма-навбат электр узилишлари тез орада тўрт соатгача чўзилиши мумкин.
Пезешкиённинг сўзларига кўра, сув захиралари “оёқ остида ҳам, тўғонлар ортида ҳам қолмаган” ва мамлакат “жиддий инқироз”га дуч келган. Ҳозирда мутахассислар билан муаммони ҳал этиш йўлларини изланяпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА