Депутат ташаббускорликни янада оширишлари лозимлиги таъкидланди

339

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг II Пленуми бўлиб ўтди.

Унда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аъзолари, шаҳар ва туман Кенгашлари раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутат гуруҳлари аъзолари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Пленумда барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари томонидан 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида олиб борилган иш фаолияти якунлари ҳамда 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, шунингдек партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамда Жўқорғи Кенгесдаги партия фракциясининг Иш-режасини тасдиқлаш масалалари муҳокама қилинди.

Пленумда сўзга чиққанлар эътиборни, партия ташкилотлари томонидан олиб борилган ишлар, ютуқлар ва камчиликларга қаратиб, партия сайловолди Платформасида белгиланган вазифалари ижроси, партия дастурий мақсад ва вазифаларини руёбга чиқариш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш каби масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунга келиб, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошланғич партия ташкилотлари сони 680та, партия аъзолари сони эса 51268 ни ташкил этмоқда.

Партия ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларини амалга ошириш бўйича ўтган йилда 271 лойиҳа, акция, семинар ва тадбирлар ўтказилиб, уларда 18 мингдан ортиқ фуқаролар иштирок этди.

Хусусан, партия вакиллари томонидан «Уйма-уй,» «Хизмат – беминнат,» «Тоза ликопча,» «Сиёсатчи аёллар клуби» ва яна бошқа партиямиз сайловолди дастуридан келиб чиқиб тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.

Ўтган ҳисобот даврида электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси томонидан жами 44 та депутатлик сўрови амалга оширилиб, 6 маротаба мансабдор шахснинг ҳисоботлари тингланди. Жўқорғи Кенгес Президиумига 12 та масала киритилган.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзМТДП депутатлик гуруҳлари аъзолари томонидан жами 85 та депутатлик сўрови амалга оширилди. Партия депутатлик гуруҳлари томонидан 6 нафар мансабдор шахснинг ҳисоботлари тингланди. Доимий комиссия мажлисларига 22 та масала, маҳаллий Кенгашлар сессияларига 5 та ташаббус олиб чиқилди. Депутатлар томонидан юборилган жами 129 та депутатлик сўровининг 94 таси, яъни 73 фоизи ижобий ҳал этилган, қолганлари бўйича ҳуқуқий тушунчалар берилган.

Ўтган 6 ой давомида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва туман Кенгашларига фуқароларимиз томонидан 36 марта мурожаат келиб тушган. Шундан 10 та мурожаат тегишли идора ва ташкилотларга юборилди. Қолган 26 та мурожаат ўз вақтида ижобий ҳал этилди.

Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, “Устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантириш мақсадида маҳаллаларда истиқомат қилаётган уюшмаган ёшлар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, вақтинча ишсиз хотин-қизларга қўшимча бепул касб-ҳунарга ўргатиш учун “Хизмат-беминнат” лойиҳаси доирасида ўтган йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 8 та бепул ўқув курслари ташкил қилинди. Ўқув курсларида 54 нафар ёшлар ва хотин-қизларга қўшимча бепул таълим ва касб-ҳунар ўргатилди. Ушбу бепул курслари 2025 йилнинг кейинги даврида ҳам ташкил қилиниши белгилаб олинди.

Депутат ўз ваколатларидан самарали фойдаланган ҳолда ташаббускорликни янада оширишлари лозимлиги алоҳида қайд этилди.

Пленумда партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг 2025 йилнинг биринчи ярим йили учун белгиланган Иш-режаси ва амалга ошириладиган устувор вазифаларини бажариш бўйича муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.


Қорақалпоғистон ахборот агентлиги