Шанхай шаҳрида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тақдимот қилинди

118

Шанхай глобал бошқарув ва минтақавий тадқиқотлар академиясида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси ва Шанхай шаҳридаги Бош консулхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тақдимотда Шанхай глобал бошқарув ва минтақавий тадқиқотлар академияси, Шанхай чет тиллар университети ҳузуридаги Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти, Шанхай ижтимоий фанлар академияси, Фудан университети, Халқаро муаммолар институти, Россия ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази, Шанхай сиёсий фанлар ва қонунчилик университети ҳамда Шарқий Хитой педагогика университети, Россия ва Евроосиё институти профессор-ўқитувчилари ҳамда экспертлар иштирок этди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижроси директори Элдор Туляков ўз маърузасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг устувор йўналишлари, асосий мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритди. Жумладан, 2030 йилгача мамлакатимизда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш –  таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ёшлар ва аёллар учун тенг имкониятларни яратиш, “яшил иқтисодиёт”, сув ресурсларини оқилона бошқариш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари, шунингдек, Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш, трансчегаравий ҳамкорлик ҳамда ташқи сиёсатда мувозанатли ёндашувни шакллантириш борасида белгиланган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Тақдимот давомида иштирокчилар томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатимизнинг нафақат ички, балки ташқи сиёсати йўналишларини белгилаб берадиган, давлат тараққиётининг ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатларини қамраб олган ҳужжат сифатида эътироф этилди, дейилади “Тараққиёт стратегияси” маркази маълумотида.

Таъкидландики, Ўзбекистоннинг даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига қўшилиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимларини модернизация қилиш каби йўналишлардаги саъй-ҳаракатлари хитойлик инвесторлар учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда.

Тақдимотдан сўнг “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда Шанхай глобал бошқарув ва минтақавий тадқиқотлар академияси ижрочи декани профессор Ян Чен ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, хусусан, қўшма тадқиқотларни ташкил этиш ҳамда мафаатли соҳаларда ҳамкорликни янада жадаллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Шанхай глобал бошқарув ва минтақавий тадқиқотлар академияси ўртасида қисқа муддатларда ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумининг лойиҳасини ишлаб чиқиш ва имзолашга келишиб олинди.

А.РУСТАМОВ, ЎзА