Ўзбекистон Европа муҳим хомашё альянсига қўшилди

125

Дунё критик минераллар бўйича янги даврга кириб келди. Ўзбекистон ҳам бу жараёнлар марказида бўлишга интилмоқда.

Ўтган йили мамлакатимиз Европа Иттифоқи билан муҳим хомашё соҳасида ҳамкорлик бўйича келишув имзолаган эди. Энди эса яна бир катта қадам ташланди — Ўзбекистон технологик металлар комбинати Европа муҳим хомашё альянсига расман аъзо бўлди. Бу бизнинг глобал бозордаги ўрнимизни янада мустаҳкамлайди.

Европа муҳим хомашё альянси Европа саноатининг ресурс сиёсатини белгиловчи энг муҳим платформалардан бири бўлиб, у Европа саноати учун литий, вольфрам, молибден ва нодир ер элементларини хавфсиз ва барқарор манбалардан етказиб беришни таъминлайди. Мазкур альянс Европанинг яшил технологиялар ва келажак энергетикасига ўтиш жараёнида ҳал қилувчи кучга эга.

Мамлакатимизнинг ҳам ушбу альянсга қўшилиши муҳим аҳамиятга эга. Яъни Европа Иттифоқи билан институционал мулоқотни янада мустаҳкамлаш, айниқса, хомашёни чуқур қайта ишлаш, сифат стандартларини жорий этиш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришга, инвестицион жозибадорликни оширишга хизмат қилади. Мамлакатимизнинг ишончли ва стратегик ҳамкор сифатида халқаро миқёсда тан олинишига ҳисса қўшади. Европанинг технологик ва илмий кластерлари хусусан, Германия, Франция, Финляндия ва Австрияда жойлашган илғор марказлар билан қўшма ташаббусларни амалга ошириш орқали ҳамкорлик кенгаяди.

Шунингдек, ушбу аъзолик Ўзбекистон технологик металлар комбинатини критик минераллар бозорида бутунлай янги даражага олиб чиқиши кутилмоқда. Хусусан, Европа грантлари ва инвестициялари орқали бу йўналишдаги лойиҳалар учун молиявий механизмлар кенгаяди. Европанинг илғор марказлари билан қўшма тадқиқотлар олиб борилади ва инновациялар татбиқ этилади. Комбинат маҳсулотлари халқаро бозорга янада юқори сифат кўрсаткичлари билан чиқади.

Европа муҳим хомашё альянси директори Массимо Гаспарон ҳам ҳамкорликдан умиди катта эканини билдирди.

Умид қиламизки, бу аъзолик Ўзбекистонни оддий хомашё етказиб берувчидан инновацион ҳамкор даражасига кўтаради.

Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА