Йўл инфратузилмасини яхшилаш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда

Тўрткўл туманида йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, аҳоли ва меҳмонлар учун хавфсиз ҳамда қулай ҳаракатланиш шароитини яратиш мақсадида амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Айниқса, туманда муҳим аҳамиятга эга бўлган D-154 автомагистралининг техник ҳолатини яхшилаш бўйича кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур йўлдаги нуқсонларни бартараф этиш ишлари Тўрткўл туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ходимлари томонидан амалга оширилмоқда.

Йўл таъмирлаш жараёнида замонавий қурилма ва техникалардан фойдаланилмоқда. Малакали мутахассислар иштирокида йўл қопламасидаги чуқурчалар, ёриқлар ва бошқа техник камчиликлар тўлиқ бартараф этилмоқда. Бу эса йўл ҳаракати иштирокчилари учун хавфсизлик даражасини оширишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, йўл таъмирлаш ишларининг самараси сифатида келгусида D-154 йўлини жадал ҳаракатланишга мўлжалланган, барқарор ва мустаҳкам ҳолатга келтирилиши режалаштирилган. Бу аҳолига қулайлик яратиш билан бирга, туманнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Таъкидлаш лозимки, йўлсозлар томонидан олиб борилаётган фидокорона меҳнат натижасида янгиланган йўллар яқин кунларда фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги