Журналист – қудратли сўз эгаси

577

Журналистлик фаолиятимни бошлаганимга йигирма йилдан ортиқ вақт бўлган бўлса, шу йиллар ичида касбим туфайли турли воқеаларни, ҳар хил тақдирларни, турли одамларни учратган эканман. Тақдиримга ёзилган шу касбдан нон едирганига чексиз шукрлигим бор. Сабаби, шу йиллар ичида қўлимда гувоҳномам, «мен редакцияданман,»-деб неча эшикларни тақиллатганман. Албатта, ҳамма эшиклар ҳам очиқ бўлмаган. Лекин «бир эшик ёпиқ бўлса, қолган минг эшик очиқ,» деб йўлимизни нариги томонга давом эттириб кетаверганмиз. Кўплаб инсонларнинг суҳбатини олишим, бугун тажрибали журналистлар қаторига етказди.

Одамни турмуш бошқаради экан. Вақт ўтиши билан ўн йил олдинги фикрингиз ўзгариши мумкин. Сабаби, ё ўзингнинг фикрлашинг кенгаяди, ёки ўша вазият бошқа томонга бурилган бўлади. Агар ўз устида ишлаб, изланса, у журналистнинг фикрлаши ўткирлашади, воқеани чуқурроқ таҳлил қилишни ўрганади, турли ракурсдан қараш кераклигини тушуниб етади. Шу касбда ишлаб менинг ҳам ўрганганларим кўп бўлди. Турли раҳбарлар билан ишладик, баъзида «қўй бу мавзуни қўзғама, ётган илоннинг оёғини босасанг»-деса, баъзи бири сенинг тарафингда туриб, қайнаб турган «интрига»нинг ичидан қизғишдай қўриқлаб олиб чиққанида ортингда катта тоғ тургандек, ишонч пайдо бўлади

Кўп воқеалар газетада ишлаган йилларим билан боғлиқ. Бир куни қизиқ воқеага дуч келдим. Қўнғирот туманига ижодий сафар билан «командировка»га бордим. Менинг асосий «объектларим» таълим муассасалари. Бир болалар боғчасига кириб бориб ўзимни таништирсам: «Ҳей сизлар нечта одам келасиз, «Устоз»дан кеча келиб кетди-ку, мақсадингиз нима ўзи?»-деб бошлиғи олиб ташланди. Ўшанда унга гувоҳномасини билан «командировочний»имни кўрсатган пайтимдагина бўшашиб, бир кун олдин каттароқ ёшдаги эркак келиб, пул тама қилиб: «сизнинг идорангизни яхшилаб мақтаб, газетага чиқариб бераман,» деб озгина харажат бериб юборганини ҳам яширмади. Шунда ундан «гувоҳлигини сўрамадингизми?»- десам «ҳеч хаёлимизга келмабди,» деб ўзларининг айбини тан олган эди. Ҳозирги айрим блогерлар каби, идораларни шантаж қилиш хаёлимизга ҳам келмаган, лекин бизнинг газетамиз номини «сотиб» пул ундирганлар ўша йиллари ҳам топилар эди. Бу ҳолатлар вақт ўтиши билан аста-секин бартараф этила бошлади, чунки, бундай ҳолатларнинг олдини олувчи ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди, журналистик хизматнинг ҳам, фуқароларнинг ҳам ҳуқуқлари кафолатланиб, қонунлар қайта ишланиб, такомиллаштирилди…

Ҳар қандай ёмон нарсанинг яхши томони бўлгани каби, яхши нарсанинг ҳам ёмон томонлари бўлади. Интернетнинг оммалашуви газеталарнинг «нонини ярим қилди.» Мажбурий обуна тақиқланган йиллари ўз аравамизни ўзимиз тортишга мажбур бўлиб, газетага обунани тарғиб қилиш учун мактаб, болалар боғчаларига эшикма-эшик тентираганимиз куни кечагидек ёдимда. Унутиб юборишим ҳам мумкин эмас, чунки, борган жойимизда ўқитувчиларнинг қандай сўзлар билан «кўзатиб солгани»ни бир умр унутмасам керак. Ҳар ким ўзича ҳақ. Газетага обуна масаласи ҳамон ўз ечимини топмаётгани ўйлантиради.

Британиялик журналист Малколм Маггеридж: «Нашриёт – бу қоғоздаги виждонимиздир,» деб газетага баҳо берган эди. Бугун эса ўша виждон унутилиб бораётгандек, ҳеч кимнинг у билан иши йўқ…

Журналист, ёзувчи одам романтик бўлиб келади: вақти келиб, кучли, истеъдодли журналистлар танлаб олиниб, бир жамоада «тўртинчи ҳокимият»нинг ривожланишини 180 градусга ўзгартира олади, радио-телевидение-газетага фақат қобилиятли, истеъдодли журналистлар қабул қилиниб, ишга киришда инсон омили роль ўйнамай қолади, ўша пайтлари кучли журналистлар сунъий интеллект билан рақобатлашиб, жонли сўзнинг «ҳиди» чиқиб турган жонли мақолалар ёзадиган бўлади, – деб мен ҳам хаёлнинг домига тушиб кетдим. Шу ўринда бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман, «альфа авлод» атамасини яратган ижтимоий тадқиқотчи ва футуролог Марк Маккиндлнинг фикрича, ҳар бир авлод даври 15 йил давом этади – дунёдаги сезиларли ўзгаришларни ва халқнинг умумий қадриятларини намоён этади. Маълумот учун шуни айтишимиз керак «альфа авлоди»га 2010-2024 йиллар оралиғида туғилган болалар киради.

Бу йил эса, яъни 2025 йилдан 2039 йилгача бўлган оралиқда туғилган болалар «бета авлод»га мансуб бўлади – улар технология билан ажойиб интеграцияни ва катта маданий ўзгаришларни кўради, – деган эди олим.

Биз бета авлодга: «эски ўтган замонда,»-деб шу ўтган воқеаларни сўзлаб берганимизда янги замон вакиллари қандай қабул қилиши бизга ҳозирча номаълум. Лекин бир нарсани ишонч билан айта оламанки, қандай ривожланган цивилизация бўлмасин, журналист қудратли сўз эгаси бўлиб қолаверади. Унинг билимини, истеъдодини ҳеч қандай сунъий интеллект ўзлаштира олмаса керак?!

Қундуз Жумағалиева, журналист

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги