Соҳа вакилларининг жамияттаги ўрни таъкидланди

Тўрткўл туманида Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокими И. Худайбергенов қатнашиб, касб байрами муносабати билан соҳа ходимларини самимий табриклади.
Ушбу тадбир давра суҳбати шаклида ўтказилди. Туман ҳокими матбуот ва ОАВ ходимларининг жамиятдаги ўрнини алоҳида таъкидлаб, уларнинг аҳолига ахборот етказиш, жамиятда шаффофликни таъминлаш ва ривожланишга қўшган ҳиссаларини юқори баҳолади. Ҳоким, шунингдек, журналист ва ижодкорларнинг фаолиятига миннатдорлик билдирди.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлимининг маълумотига кўра, тадбир якунида соҳа вакиллари ҳамда нуроний меҳнат фахрийлари ҳокимлик томонидан эсдалик совғалари ва ташаккурномалар билан тақдирландилар. Самимий муҳитда кечган суҳбат журналист ва ижодкорларга янги мавзулар ва илҳом манбаи бўлди.
Бу каби тадбирлар матбуот ходимларининг фаолиятини янада рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни ҳар йили 27 июнда кенг нишонланиб, журналистлар ижтимоий ҳаётда ҳақиқатни ёритувчи, халқ билан давлат ўртасида кўприк вазифасини бажарувчи шахслар сифатида эътироф этилади. Ўтказилган бу байрам тадбири ҳам ана, шундай муҳим вазифаларни яна бир бор ёдга солди ва журналистик фаолиятни янада ривожлантиришга қаратилган дастурларни амалга оширишда катта руҳланиш ва илҳом манбаи бўлди.


Қорақалпоғистон ахборот агентлиги