Китобхон ёшлар рағбатлантирилди

Тўрткўл туманидаги Шўраҳон ОФЙ ҳудудида жойлашган “Оқ кабутар” ёзги соғломлаштириш оромгоҳида ёшлар учун навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбир Республика Маънавият ва маърифат маркази Тўрткўл туман бўлинмаси ҳамда туман Ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида ўтказилди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.
Тадбир “Энг билимдон китобхон ёшлар” шиори остида ташкил қилиниб, ўқувчилар ўртасида китобхонлик бўйича савол-жавоблар ўтказилди. Саволларга тўғри жавоб берган ёшларга ташаккурномалар ва китоблар топширилди.
Шунингдек, болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни турли касб-ҳунарларга қизиқтириш мақсадида “Баркамол авлод” болалар мактаби тўгарак раҳбарлари томонидан “Шарқ бозори” кўргазмали тадбири ҳам намойиш этилди. Унда болалар ўз қўл меҳнатлари билан тайёрлаган ишларини тақдим этдилар.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Ж. Сеттиев, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон ёзувчилари уюшмаси аъзоси М. Юсупова, Туман Ахборот-кутубхона маркази директори У.Матниёзов ва бошқалар иштирок этди.
Ёшлар куй-қўшиқлар остида кўтаринки кайфиятда қатнашиб, китоб ва илмга бўлган қизиқишларини яна бир бор намоён этдилар.

Бундай тадбирлар китобга бўлган муҳаббатни кучайтиради ва ёш авлоднинг маънавий дунёқарашини бойитишга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги