Янги инвестиция дастурлари ҳаракатда

297

 

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.

Пресс-тур доирасида ОАВ вакиллари юртимизда фаолият юритаётган «Tumaris Tour» сайёҳлик агентлигига ташриф буюриб, агентликнинг хизмат турлари, йўналишлари, шунингдек, сайёҳлар учун яратилаётган шароитлар билан танишди. Ушбу агентлик айни пайтда ички ва ташқи туризм хизматларини йўлга қўйган бўлиб, Миср, Туркия, Грузия, Озарбайжон, Қирғизистон, БАА, Россия, Маврикий ва Черногория давлатларини ташқи туризм йўналишлари билан қамров олган. Ички туризм доирасида эса сайёҳларга Самарқанд, Бухоро, Хива каби юртимизнинг бетакрор тарихий шаҳарларига саёҳатлар таклиф этилмоқда.

Агентлик томонидан ҳар бир туристнинг шахсий талаб ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда индивидуал турлар ва авиачипталарни тайёрлаб бериш хизматлари ҳам йўлга қўйилган. Бу нарса харидорларга янада қулай ва самарали хизмат кўрсатиш имкониятларини яратмоқда.


Шундан сўнг ОАВ вакиллари Тахиатош туманида жойлашган «Сурхон Тахиатош Текстиль» МЧЖ тикувчилик корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди.

Ушбу корхона 180 нафар ишчига мўлжалланган бўлиб, бугунги кунда 150 дан ортиқ маҳаллий хотин-қизлар доимий иш билан таъминланган. Тикувчилик цехида яратилган шароитлар, замонавий иш жадвали ва хавфсиз меҳнат муҳити ишчилар учун муносиб шароит яратишга қаратилган.

Корхонада тайёрланаётган кийим-кечаклар асосан ташқи бозорга, хусусан, Россия Федерациясига экспорт қилинмоқда. Бу эса корхонанинг халқаро бозордаги нуфузи ва экспорт салоҳиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Пресс-турнинг навбатдаги манзили туманда энди қурилиши олиб бориладиган болалар дам олиш маркази бўлди. Ушбу дам олиш маскани илгари кўп йиллардан буён бўш турган жой бўлганлиги сабабли тадбиркор томонидан таклиф киритилиб 49 йилга ижарага олинган. Бугунги кунга қадар бир қанча ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, ҳозирги вақтда марказ ҳудудида болалар учун батутлар, сувда ҳаракатланадиган катер каби кўнгилочар объектлар фаолият юритмоқда. Бу ёзги таътил даврида болаларнинг мазмунли ва хавфсиз дам олишини таъминлашда муҳим дастлабки қадам ҳисобланади.

Тадбиркор билан суҳбат чоғида ушбу лойиҳа инвестиция дастури доирасида амалга оширилаётгани ва бугунги кунда марказни янада ривожлантириш, дам олиш масканини замонавий қиёфага келтириш ва болалар учун барча қулай шароитларни яратиш бўйича режаларини айтиб ўтди.

Пресс-тур якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда бошқарма бошлиғи ўринбосарлари М.Косназаров ва А.Сейтаховлар сўзга чиқиб, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар, давлат томонидан хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, янги бизнес ташаббусларини рағбатлантириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида тадбиркорларга яратилган имкониятлар ва имтиёзлар бўйича маълумот берди.

Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги