Болаларнинг ижтимоий интеграцияси таъминланмоқда

260

Амударё туманида ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат кўрсатишни такомиллаштиришга қаратилган янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилмоқда, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Шу билан бирга, Амударё туманида жойлашган “Аристократ” номли мактабгача таълим ташкилотида Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан “Кундузги парвариш” хизмати ташкил этилди. Янги очилган ушбу хизмат ёрдамида ногиронлиги бўлган болаларга ўз вақтида ва самарали ёрдам кўрсатиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсад қилинади.

“Кундузги парвариш” гуруҳига қўшилиш учун болалар Бошқарма қўшидаги психология-тиббий-педагогик комиссия текширувидан ўтказилди ва ногиронлиги бўлганлиги тасдиқланган болалар қамраб олинди. Бу хизмат нафақат болаларнинг тиббий ва психология эҳтиёжларини қондиришга, балки уларнинг ижтимоий интеграциясини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Ушбу лойиҳа “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилмоқда ва унинг асосий вазифаси – ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш орқали ота-оналарнинг ишлаш имкониятини чекловчи омилларни бартараф этишдан иборат.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги