Миллий либослар кўргазма ярмаркаси ташкил этилди

Пойтахтимиздаги «Дўстлик» канали бўйида Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, «Ҳунарманд» уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва Нукус шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида «Миллий либослар» кўргазма-ярмаркаси ташкил этилди.
Тадбир доирасида, миллатлараро тотувлик, дўстликни мустаҳкамлаш, халқимизнинг азалий қадриятларидан бири бўлган каштачилик, миллий либослар, гул босилган матолар, эсдалик буюмлари, оддий металлдан заргарлик буюмлари тайёрлаш, қўлда гилам тўқиш ва бошқа турдаги маҳсулотлардан иборат ҳунармандлар кўргазмаси тақдим этилди.
Шунингдек, ҳунармандларнинг миллий либослар мода кўргазмаси, қўл меҳнати маҳсулотлари савдо-ярмаркаси ва каштачилик маҳсулотлари танлови, тажрибали ҳунармандларнинг маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди. Айниқса, устоз-шогирд тамойили асосида олиб борилаётган меҳнатлар самараси тадбирда яққол кўзга ташланмоқда.

– Бундай тадбирларнинг ўтказилиши биз ҳунармандларнинг бир-биримиз билан тажриба алмашишимизга замин яратади. Айниқса, ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган ҳунармандчилик, каштачилик, миллий нақшларни янада ўрганиб, замонавийлаштириб, халқимизга етказиб бериш биз ҳунармандларнинг асосий вазифамиз ҳисобланади. Бу борада биз устозлардан ҳали ўрганадиганларимиз кўп, – дейди тадбирда биринчи ўринга муносиб топилган ҳунарманд Меҳрибон Жуманиёзова.
Тадбир якунида кўргазма-ярмарка доирасида ташкил этилган танлов ғолиблари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги
М.Ҳабибуллаев олган суратлар