Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

Ўмоннинг “Atheer”, “NABD” ва бошқа нашрлар саҳифаларида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Ўмон Султонлиги савдо, саноат ва инвестицияларга кўмаклашиш вазири Қайс бин Муҳаммад Ал-Юсуфни қабул қилганини ёритди.
– Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон етакчисига Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саиднинг самимий салом ва эзгу тилакларини етказиб, икки дўст давлат ўртасидаги чуқур қардошлик муносабатларини алоҳида таъкидлади, – дейилади мақолада. – Шунингдек, Жаноби Олийларини футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги жаҳон чемпионатига илк бор йўлланмани қўлга киритган тарихий ғалабаси билан табриклаб, бу ютуқ нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун фахр-ифтихор, деб ҳисоблади.
Муаллиф ўз мақоласида Ўзбекистон ҳукуматининг Ўмон фуқароларига 30 кунлик визасиз режим тўғрисидаги қарори икки давлат ўртасидаги туризм, маданий ва савдо алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган қадам эканини эътироф этган.
Шунингдек, мақолада амалий ҳамкорлик, энг аввало, савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида кенгайтириш масалалари, турли даражалардаги фаол мулоқотлар мамнуният билан қайд этилган. Қолаверса, форум доирасида Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва ишбилармон доираларнинг учрашувлари бўлиб ўтганига алоҳида урғу берилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА