Аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришда Германия билан ҳамкорлик қилинади

188

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова бошчилигидаги “Микрокредитбанк” АТБ вакиллари ва ишбилармон аёллардан иборат Ўзбекистон делегацияси Германия Федератив Республикасига расмий ташрифи доирасида қатор муҳим учрашувлар ўтказди. Аёллар тадбиркорлиги соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳужжатлар имзоланди.

Ташриф Германиянинг “Sparkassenstiftung for International Development e.V.” ва мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди. Ундан кўзланган асосий мақсад тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳамкорликни ривожлантириш, Германия институтлари ва жамғармалари билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ҳамда молиявий саводхонлик ва бизнесни бошқариш соҳасида тажриба алмашишдир.

Ўзбекистон делегацияси Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги, Иқтисодиёт ва энергетика вазирлиги, Қишлоқ аёллари ассоциацияси, Жамғарма кассаларининг молиявий гуруҳи (Sparkassen-Finanzgruppe) ва бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари билан музокаралар ўтказиб, қатор банк тузилмаларининг фаолияти билан танишди.

Ташриф якунида муҳим келишувлар имзоланди. Хусусан, “Микрокредитбанк” АТБ, “Hamroh” компанияси ва “Sparkassenstiftung” жамғармаси хотин-қизларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, бизнесни режалаштириш кўникмаларини ривожлантириш ва мақсадли кредитларни олишда ёрдам кўрсатишга қаратилган қўшма дастурларни йўлга қўйишга келишиб олди.  Бундан ташқари, ҳужжатлар таълим дастурлари ва молиялаштириш механизмлари, шу жумладан грант ва субсидияли кредит линияларини амалга оширишни кўзда тутади.

Шунингдек, “Hamroh” компанияси ва Германиянинг “West-Östliche Begegnungen” жамғармаси ўртасида маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, аёллар етакчилигини илгари суриш ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган келишув имзоланди.

Ўзбекистон делегацияси вакилларининг қайд этишича, эришилган келишувлар мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратиб, ижтимоий-иқтисодий соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА