Пара спорт бўйича Ўзбекистон ва Эрон ҳамкорлиги муҳокама қилинди

230

Шу кунларда Эрон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Ғафур Карегари ҳамда қўмита раҳбарияти вакиллари — Саид Солги ва Ҳасан Солги амалий ташриф билан Тошкентда бўлиб турибди. Мартабали меҳмонлар билан пойтахтимизда турли даражадаги учрашувлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон спорт вазирлигида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев, спорт вазири ўринбосари Мурад Исмоилов ҳамда Эрон Паралимпия қўмитаси президенти Ғафур Карегари иштирокида расмий учрашув бўлиб ўтди.

Унда юртимизда пара спортни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, пара спортчиларимиз эришаётган ютуқлар яна бир бор эътироф этилди. Эронда параспорт ривожи йўлида амалга оширилаётган ишлар, ютуқлар ва ушбу соҳага қаратилаётган эътибор ҳақида ҳам маълумот берилди. Шунингдек,  икки мамлакат ўртасида пара спорт соҳасидаги алоқаларни кучайтириш, ўзаро малака алмашиш ҳамда ҳамкорликда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш бўйича келишув амалга оширилди.

Шунингдек, Эрон Миллий Паралимпия қўмитаси делегацияси пойтахтимиздаги Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази фаолиятини ўрганди. Делегация марказдаги спорт иншоотлари, у ерда пара спортчиларга яратилган шароитлар, терма жамоаларнинг бўлажак Паралимпия ўйинларига тайёргарлик цикли доирасидаги режалар муҳокама қилинди.

Дарвоқе, мартабали меҳмонлар қурилиш ишлари якунига етиб бораётган «Олимпия шаҳарчаси»га бориб, спорт иншоотлари, меҳмонхона ва ётоқхоналар бўйича танишди ва «Ҳастимом» мадрасасини зиёрат қилди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА