«Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди

242

Ички ишлар вазирлиги «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш маркази ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

«Хавфсиз шаҳар» маркази директори У. Куланов ва ТАТУ ректори Б. Махкамов ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилиш, хорижий экспертлар билан узвий муносабатларни йўлга қўйиш, университет профессор-ўқитувчилари томонидан муайян йўналишларда малака ошириш курсларини ташкил қилиш, халқаро миқёсдаги экспертлар иштирокида маърузалар ташкил этиш каби қатор масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, «Хавфсиз шаҳар» маркази директори У.Куланов ва ТАТУ ректори Б.Маҳкамов биргаликда университетда амалга оширилаётган ишлар, талабалар учун яратилган шарт-шароитлар, замонавий тарзда жиҳозланган ўқув хоналари билан танишди.

Учрашув сўнгида тармоқ ва тизим администраторлиги ва ахборот хавфсизлиги масалаларида кадрларни етказиб бериш ва ички ишлар органларини рақамлаштиришда «рақамли жамоани» шакллантириш, ҳамкорликда соҳага оид қўлланма, мобил иловалар ишлаб чиқиш,  тадқиқот ва лойиҳалар устида изланишлар олиб боришга келишиб олинди.

У.Қурбонов, ЎзА