Қорақалпоғистондаги замонавий минерал ўғитлар ҳақида нималарни биламиз?

Олим фикр айтади
Қорақалпоғистон шароитида экин майдонларининг 80 фоизини шўрланган ерлар ташкил этади. Шўрланган тупроқда ўсимлик яхши ривожланмайди. Илмий маълумотларга кўра, шўрланган ерларда 40-50 фоиз ҳосилдорлик камаяди. Бу ҳолатдан қутулишнинг қандай илмий йўллари бор? Олим Соли Бауатдиновнинг олиб борган илмий ишлари шунга йўналтирилган. Соли Бауатдинов Республикамиз ҳудудидаги фосфорит, глауконит, бентонит, сафрафелла, вермикулит минералларини чуқур ўрганиб, қишлоқ хўжалиги экинларидан пахта ва шолига қўллаб, уларнинг ҳосилдорлиги ошиши, ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланиши, тупроқ таркибининг юмшашиб гумуснинг кўпайишини кўп тажрибалар ёрдамида аниқлади. Унинг раҳбарлигида бир қанча фундаментал ва илмий-техник дастурлар доирасида илмий лойиҳалар бажарилиб, олинган натижалар асосида 1995 йилда «Глауконит минералини калийли ўғит сифатида ишлатиш бўйича тавсия» ишлаб чиқилди. Олинган илмий натижалар ҳозирги вақтда ҳам қишлоқ хўжалигида қўлланилмоқда. Биз олим билан суҳбатлашиб, Республикамиз ҳудудида қўлланиладиган замонавий минерал ўғитлар ҳақида фикрларини ёзиб олган эдик.
– Қорақалпоғистон аграр республика бўлганлиги учун бизнинг яшаш шароитимиз ер билан чамбарчас боғлиқ. Яъни, республикамизда қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва ундан мўл ҳосил олиш орқали иқтисодиётда юқори натижаларга эришамиз. Лекин, экологик шароитлар ва сув танқислиги туфайли ернинг унумдорлиги биз кутган даражада эмас.
Шунинг учун ҳам биз бу ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, қийинчиликлардан чиқишнинг йўлини кўриб чиқиб, ернинг унумдорлигини ошириш учун минерал ўғитларга муҳтожмиз. Бу борада мамлакатимизда аллақачон илмий ишлар олиб борилиб, тажрибалар синовлардан ўтиб, натижалар ҳам кўзни қувонтирадиган даражада бўлмоқда. Қорақалпоғистонда Хўжакўл, Назархон, Бештобе, Қизилқалъа, Султон Увайс тоғ атрофи, Белтов, Устюрт текисликларида, Хўжайли туманида, Тахиатош туманида, Кетмончи бобо атрофида, Нукус тумани ҳудудида Қиронтовда, умуман Қорақалпоғистоннинг кўпчилик жойларида глауконит тўпланган. Қиронтовдан олинадиган глауконитдан турли зарар келтирувчи зараркунандалардан ажратиб шўрларни йўқотмайдиган ва ернинг намлигини йўқотмайдиган, адсорбент хусусиятга эга ўғит тайёрланади.
«Korofos,» «Glaukokaliy,» «Глаукофос» ўғитининг аҳамияти шундаки, бу ўғит қўлланилиши натижасида тўрт йилгача тупроқ ўғит талаб қилмайди, ўғит билан озиқланган тупроқ намликни сақлаб туриш хусусиятига эга бўлади. Тахиатош туманида Қорақалпоғистон агрорудалари асосида ўғит олишнинг илмий ишлаб чиқариши ишга туширилмоқда. У ерда кунлик ўғит чиқариш қуввати 10 тоннадан 20 тоннагача. Олинган ўғитнинг кимёвий таркиби 8-10 фоиз фосфор, 3-4 фоиз калий, 4-5 фоиз азот, 40 дан ортиқ макро, микромоддалардан иборат. Умуман айтганда, ўсимликнинг ривожланиши учун 70 хил кимёвий моддалар керак. Булардан фосфор, калий, азот ва микроэлементларни бошқа элементларга ўзгартириб бўлмайди. Шундан 16 та кимёвий модда олинган ўғит таркибида мавжуд. Бу ўғит глауконитдан олинади.
Олинган ўғитнинг афзаллик томонлари бор. Суғориладиган сув миқдори 20 фоизга камаяди. Ҳосилдорлик 4 фоизга ошади. Тупроқ намлиги вегетация даврида 60-70 фоиздан кам бўлмайди. Тупроқ таркибидаги заҳарли шўрланиш 1 ярим, 2 фоизга камаяди.
Олинган пахта ўсимлиги чигитининг ёғлилиги ортади, толаси узун бўлади. Шунингдек, ўғитнинг таъсири 3-4 йилгача ўз кучини йўқотмай, тупроқ таркиби яхшиланади.
Ушбу ўғитни қўллаш натижасида кимёвий ўғит миқдорини 40-50 фоизга камайтириш мумкин.
Ер таркибида тупроқнинг ҳайдалма қатламида 300 килограммдан 600 килограммгача ўсимлик ололмайдиган фосфор бор. Шуларни олишга аталган ўғит ёрдам беради.
Ўсимлик илдизи атрофидаги тупроқда 5 миллиондан 12 миллионгача микроэлементлар мавжуд. Ўғит буларга озиқ бўлади. Ерда гумус миқдори ортади.
-Гумус бу нима? Буни илмий тилда қандай тушунсак бўлади?
– Гумус бу кимёвий мураккаб модда. Таркибида азот, фосфор, калий ва бошқа элементлар мавжуд. Гумус ернинг қонидир. Олиб борилган илмий ишлар асосида тупроқ таркибида гумус миқдори 0,5-0,4 га ошган. Чунки яшаб турган еримизнинг тупроғи шўр, ернинг унумдорлиги кам. Шунинг учун деҳқонлар ерни органик ўғитлар билан тўйинтириш жуда муҳимлигини билиши керак.
Сўнгги вақтларда фермерларга кенг имкониятлар яратилиб, ердан унумли фойдаланиб, мўл ҳосил олишга эришиш зарурати замон талаби бўлмоқда. Агар олимнинг ушбу фикрларига амал қилинса, янада юқори хирмон олишда яхши натижаларга эришиш имконини беради деган умиддамиз.
Суҳбатлашган Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги