“AIF – 2025”: халқаро ҳамкорлик янада мустаҳкамланади

Остонада ўтказилган халқаро форум(AIF – 2025)да 600 га яқин хорижий меҳмонлар, жумладан, етакчи сиёсатчилар, халқаро ташкилотлар, корпорациялар, сармоядорлар ва илмий жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Форум дастурига кўра, замонамизнинг асосий муаммоларини қамраб олган ялпи мажлис, муҳокама ва мунозаларларга асосланган ўнлаб мулоқот майдончалари ташкил этилди. Тадбирнинг очилиш маросимида Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Руанда, Шимолий Македония президентлари, бошқа давлатлар бош вазирлари, ўринбосарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбир етмишдан зиёд давлатдан келган етакчи ахборот агентликлари, телеканаллар ва бошқа оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан ёритиб борилди.

Форумда сўз олган БМТнинг саккизинчи раҳбари Пан Ги Мун иқлим ўзгариши, атроф-муҳитнинг таназзулга учраши ва иқтисодий ўтиш даври келтириб чиқарадиган жиддий муаммоларни ҳеч бир давлатнинг ўзи ҳал қила олмаслигини қайт этди. Чегаралар ва сиёсатдан ошиб кетадиган ягона минтақавий жавоб чораларини кўриш зарурлигини таъкидлади.
–Биз Марказий Осиёда, айниқса, апрель ойида бўлиб ўтган Самарқанд иқлим форумидаги тарихий бирдамликдан сўнг ривожланаётган яшил ҳамкорликни юқори баҳолаймиз”, – деди П.Мун.

Остона халқаро форумида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Форумдаги муҳокамаларда Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорлик, энергетика хавфсизлиги ва иқлим ўзгаришига қарши курашдаги роли алоҳида эътироф этилди.
Форумда қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш, трансчегаравий ҳамкорлик ва сув ресурсларини самарали бошқариш каби мавзулар муҳокама қилинди. Ўзбекистоннинг бу соҳалардаги ташаббуслари минтақавий барқарорликка ҳисса қўшиши таъкидланди.

Форум доирасида ўтказилган брифингда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алибек Қуантиров Марказий Осиё минтақасидаги ҳамжиҳатлик давлатлар раҳбарларининг сиёсий иродаси натижаси эканини қайд этди.
«Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ҳамкорлик алоқаларини қандай баҳолайсиз?” деган саволимизга А.Қуантиров икки давлат ўртасида ишончли ҳамкорлик алоқалари юксак даражада эканини эътироф этиб, ўзбек ҳамкасбларимиз билан жуда яқин ҳамкорликни давом эттирмоқдамиз”, деб жавоб қайтарди.
Нуфузли анжуманда Қозоғистон Республикаси рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев билан ҳам суҳбатлашдик.
– Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз жуда яхши ривожланмоқда, – деди Ж.Мадиев. – Кремний водийсида қўшма IT-паркларимиз мавжуд, яқинда Дубайда ҳам қўшма IT-парк ташкил қилиш ҳақида эълон қилдик. Биз турли халқаро форумлар ва кўргазмаларда иштирок этиб, стартапларимиз, технологик компанияларимизни биргаликда намойиш этиб келяпмиз. Биз доимий равишда тажриба алмашаётганимиз натижасида венчур фондлар ташкил қиляпмиз, биргаликда иқтисодиётларга сармоя киритяпмиз. Яқинда Ўзбекистонда бўлиб, ҳамкасбларимиз билан трансчегаравий телекоммуникация хизматларини янада такомиллаштириш, Ўзбекистон ва Қозоғистон IT компаниялари хизматларини жаҳон бозорига олиб чиқиш, хизматлар экспортини ошириш ва икки мамлакат технопарклари ўртасида самарали ҳамкорликни янада кенгайтиришни муҳокама қилдик ва муҳим келишувларга эришдик.
“AIF-2025” доирасида Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори Баҳодир Раҳматов Қозоғистон Республикасининг Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги раиси Асет Иргалиев билан учрашди.
2024 йилда икки Агентлик ўртасида имзоланган Қўшма ҳаракатлар режасининг ижроси юзасидан фикр алмашилди. Томонлар эришилган натижаларни юқори баҳолаб, икки томонлама ҳамкорликни янги суръатда давом эттириш истагини билдирди.
Форум доирасида Баҳодир Раҳматов Қозоғистон Миллий банки раисининг маслаҳатчиси – рақамли трансформация раҳбари Бинур Жаленов билан учрашди. Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари Содир Мелибоев ҳам иштирок этди. Учрашувда электрон тўловлар улушини ошириш истиқболлари, миллий тўлов тизимларини ривожлантириш ва рақамли технологияларни банк инфратузилмасига интеграция қилиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар барқарор ривожланиш йўлида молиявий соҳада рақамли трансформацияни чуқурроқ олиб бориш бўйича тажриба алмашиш ва қўшма ёндашувларни ишлаб чиқишга қизиқиш билдирди.
Остона халқаро форуми якунига етди. “AIF-2025” халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, глобал муаммоларни муҳокама қилиш ва уларга ечим топишда муҳим роль ўйнади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА мухбири