Навбатдаги очиқ мулоқот ўтказилди

Жойларда тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес юритишда мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва янги имкониятлар яратиш мақсадида Беруний туманида навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Туманда фаолият юритаётган тадбиркорлар билан бўлган учрашувга Беруний тумани ҳокими И.Хидиров бошчилик қилди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлим бошлиғи А.Уразова.
Мулоқот чоғида Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида берилган топшириқлар, яратилган янги имконият ва имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.


Мулоқотда мебелсозлик ва заргaрлик йўналишларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу соҳаларда бизнес бошлаш истагида бўлган фуқароларга амалдаги қўшимча имтиёзлар хусусида ҳам батафсил ахборотлар тақдим этилди.
Тадбир давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволлар, муаммолар ва таклифлари билан иштирок этишди. Улар томонидан кўтарилган масалалар юзасидан ҳокимлик ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари билан жойида муҳокама ўтказилиб, ҳал этиш чоралари белгиланди. Айрим масалалар бўйича эса алоҳида ишчи гуруҳлар ташкил қилиниб, муддатли режа асосида ечим топилиши белгиланди.
Очиқ мулоқот тадбиркорларнинг давлат идоралари билан тўғридан-тўғри ва самарали мулоқот олиб бориши, жойларда бизнес муҳитини яхшилаш ҳамда янги иш ўринлари яратишда муҳим платформага айланиб бормоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги