Ал-Хоразмий номидаги III халқаро математика олимпиадаси старт олди

Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида математика бўйича ўтказилаётган Ал-Хоразмий номидаги III халқаро олимпиаданинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали маросимда Хоразм вилоят ҳокими ўринбосари Санъат Салаев сўзга чиқиб, нуфузли олимпиаданинг халқаро аҳамияти ва математика соҳаси ривожидаги ўрни тўғрисида гапирди.
Шунингдек, тадбирда Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлар маркази директори ўринбосари М.Эсонов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари А.Худойбердиев, Урганч давлат университети ректори вазифасини бажарувчи С.Ходжаниязов ҳамда Калифорния давлат университети профессори, олимпиаданинг ҳакамлар ҳайъати раиси З.Ибрагимов ҳам мазкур олимпиада мусобақаси Ўзбекистонда учинчи маротаба ўтказилаётгани ва талабалар ўз билимларини синовдан ўтказишлари учун яхши имконият эканлигини таъкидлади.
Олимпиаданинг асосий баҳслари 28-29 май кунлари “Ёшлик” спорт мажмуасида бўлиб ўтади.
Унда Бразилия, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Малайзия, Япония, Вьетнам, Россия, Сербия, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон каби дунёнинг етакчи мамлакатлари, шунингдек, юртимизнинг кўплаб олий таълим муассасаларидан жами 218 нафар иштирокчи математиканинг энг мураккаб жумбоқларига мантиқий ва ижодий ёндашув билан ечим излайдилар.
Ушбу халқаро олимпиадани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, иқтидорли талабаларнинг хорижий мамлакатлардаги тенгдошлари билан дўстона рақобатлашиш муҳитини яратиш, ёшларнинг математика фанини чуқур ўрганишга қизиқишларини оширишдан иборат.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА