Судга мурожаат қилиш тартиби қандай бўлади?

352

Судга мурожаат қилиш – суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш кафолатларидан биридир. Суд орқали ҳимоя қилиш давлат томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг энг асосий воситаларидан бири ҳисобланиб, одил судловни таъминлаш орқали амалга оширилади. Инсон ва фуқароларнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқи табиий ҳуқуқлар даражасига кўтарилган бўлиб, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси”нинг 8-моддасига кўра ҳар бир инсон унга конституция ёки қонун орқали берилган асосий ҳуқуқлари бузилган ҳолларда нуфузли миллий судлар томонидан бу ҳуқуқларнинг самарали тикланиши ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасида ҳам судга мурожаат қилиш ҳуқуқи фуқароларнинг энг асосий ва узвий ҳуқуқларидан бири сифатида эътироф этилган бўлиб, мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ, яъни 1991 йил 30 декабрда мамлакатимизнинг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси”га қўшилганлиги бунинг амалдаги тасдиғидир. Асосий қомусимиз Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида судга мурожаат қилиш ҳуқуқининг мустаҳкамланганлиги фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг юксак кафолати бўлди. Конституциянинг 55-моддасига кўра, Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Судга мурожаат қилиш шахснинг ажралмас ҳуқуқи бўлиб, ҳеч ким бундай ҳуқуқдан маҳрум этилиши мумкин эмас. Шахснинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқининг ажралмаслиги шунда ифодаланадики, ҳатто шахснинг ўзи ҳам бундай ҳуқуқдан воз кечиши мумкин эмас. Шахс муайян масала юзасидан судга мурожаат қилишни лозим топмаслиги ва судга мурожаат қилмаслиги мумкин, зеро, бу шахснинг мажбурияти эмас, ҳуқуқидир. Лекин судга мурожаат қилишни лозим топмаслик билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечиш фарқли тушунчалар ҳисобланади ва қонун судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечишни истисно этади.

Давлат органлари давлат томонидан уларга берилган вазифа ва функцияларнинг амалга оширилиш хусусиятига қараб бир-биридан фарқланади. Давлат органларига фуқаролар мурожаатларининг тегишлилик бўйича амалга оширилиши ушбу жараён самарадорлигининг дастлабки муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни 21-моддасининг биринчи қисмига кўра, мурожаатлар уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколати доирасига кирадиган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига бевосита ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга берилади.

Суднинг ўзига хос хусусияти эса манфаатдор шахснинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи юзасидан ҳар қандай мурожаатини кўриб чиқишга ваколатли эканлигидир.

Мурожаатларни судда кўришнинг асосий шартларидан бири низонинг ва бузилган ҳуқуқнинг мавжудлиги ёки арз қилинган талабнинг аризачининг манфаатларига дахлдорлигидир. Шу сабабли шахс фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш вақтида дастлаб арз қилинаётган талаб бўйича низо ёки бузилган ҳуқуқнинг мавжудлиги ёхуд арз қилинган талабнинг аризачи манфаатларига дахлдор эканлигини аниқлаши лозим. Агарда мурожаат қилинган масала бўйича низо мавжуд бўлмаса, шахснинг ҳуқуқлари бузилган бўлмаса ёки унинг манфаатларига дахлдор бўлмаса, ариза судга тааллуқли эмас ҳисобланади.

Айтайлик, шахс вафот этган бўлиб, унинг меросхўрлари меросни эгаллашга киришаётган бўлсалар, қонунга мувофиқ, ушбу жараён маъмурий тартибда амалга оширилади, нотариус томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берилади. Меросхўрлар ўзаро келишувга эришмаган тақдирда, меросни тақсимлаш суд тартибида амалга оширилади. Ушбу тартиб умумий мулкни тасарруф этиш билан боғлиқ муносабатларга, шу жумладан, эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулкни тасарруф этишига ҳам тааллуқлидир.

Ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кўзлаб судга мурожаат этаётган шахс муайян бир фуқаролик иши юзасидан манфаатдор бўлиши, яъни ишга дахлдор тараф бўлиши лозим. Шахснинг ишга дахлдорлиги тушунчасини қуйидагича изоҳлаш мумкин: мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш юзасидан мулкдор, битимларни низолашиш юзасидан ушбу битим иштирокчиси, зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар юзасидан зарар кўрган шахс, ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ходимнинг ўзи ёки ваколатлари давлат органлари ва ташкилотлар бевосита ёки ваколатли вакиллари орқали судга мурожаат қилиши мумкин.

Агарда судга қилинган мурожаат бўйича шахс (аризачи) дахлдор тараф бўлмаса, манфаатдор шахс номидан аризани иш юритиш ваколатига эга бўлмаган шахс берган бўлса, қонун қатор ҳуқуқий оқибатларни назарда тутади: – ариза кўрилмасдан қолдирилади; – аризани қабул қилиш рад этилади. Шу сабабли судга ариза билан мурожаат қилишдан олдин фуқаролар аризада кўрсатилган ҳуқуқий муносабатга нисбатан ўзларининг бевосита ҳуқуқий жиҳатдан дахлдорлигини аниқлашлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий тамойилларидан бири Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш вазифаларининг давлат томонидан амалга оширилишидир. Мазкур жараёнда қонунийликни таъминлаш барча ҳуқуқий нормаларни бажариш, улар бузилган ҳолатларни аниқлаш, қонун бузилишининг олдини олиш, қонунни бузган кишиларга нисбатан тегишли жавобгарлик чораларини, яъни интизомий, маъмурий, фуқаролик ва жиноий жазони қўллаш тарзида амалга оширилади. Қонунийликнинг бузилиши фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларига таъсир кўрсатганда, бузилган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва тиклаш давлатнинг ваколатларига тааллуқли ҳисобланади. Фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини тиклаш ва ҳимоя қилиш юзасидан судга мурожаат қилишлари ушбу жараёнда самарали восита ҳисобланади.

Асоссиз талаблар билан судга мурожаат қилишдан воз кечиш лозим. Судга асоссиз талаблар билан мурожаат қилиш ушбу талабларнинг рад қилинишига, мурожаатнинг қониқарсиз якун топишига, фуқаронинг асоссиз талаб орқасидан вақти ва кучи сарф қилинишига, суд харажатлари кўринишида моддий зарар кўришига олиб келади.

Давлат органлари ва ташкилотлар, шунингдек прокурорлар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясида судга ариза билан мурожаат қилишга ҳақлидирлар.

Давлат органлари ва ташкилотлар ҳар қандай ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли бўлган прокурордан фарқли равишда фақатгина қонун билан ўзларига берилган ваколат доирасида судга мурожаат қиладилар. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 24, 25-моддаларига кўра истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлардаги ҳокимият органлари, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг жойлардаги идоралари истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоясида судга мурожаат қилишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунининг 27-моддасига кўра, касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясида судга ариза билан мурожаат қилишга ҳақлидирлар.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддасига кўра, фуқаролар йиғини раиси судга фуқарони спиртли ичимликларни, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни суиистеъмол қилганлик учун муомала лаёқати чекланган ёки руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёхуд ақлий заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақида ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

Юқорида қайд этилганидек, прокурор шахс манфаатларида ҳар қандай ариза билан судга мурожаат қилишга ваколатли бўлиб, агар даъвогар рози бўлмаса, прокурор ўзи арз қилган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, даъво талабларининг миқдорини кўпайтириш ёхуд камайтиришга ҳақли эмас.

Прокурорнинг бошқа шахснинг ҳуқуқини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун берган ўз аризасидан воз кечиши, бу шахсни суддан Фуқаролик процессуал кодексининг қоидаларига риоя этган ҳолда ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

 

Н. Таиров, Фуқаролик ишлари бўйича Беруний

туманлараро судининг судьяси                        

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги