Хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётдаги ўрни таъкидланди

468

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида «Гендер тенглиги ва хотин-қизларнинг сайловдаги ўрни» мавзусида семинар бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти Кенгаши, «Экология ва саломатлик» аёллар клуби ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди, – дея маълум қилади НДПИ Матбуот котиби И.Матеков.

Семинарнинг асосий мақсади – хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда гендер тенглигини тарғиб қилиш, шу билан бирга, фуқароларнинг ушбу масалаларга оид билим ва тушунчаларини янада оширишдан иборат.

Тадбир давомида мамлакатимизда гендер сиёсати бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётда фаол иштироки масалалари кенг ёритилди. Хусусан, 2024 йилда бўлиб ўтган сайловлар натижаларига кўра, Сенатда хотин-қизларнинг улуши 27 фоизга, Қонунчилик палатасида 38 фоизга, маҳаллий Кенгашларда эса 32,5 фоизга етгани қайд этилди.

Семинар иштирокчилари ушбу ва бошқа муҳим маълумотлар билан танишиш билан бирга, ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан атрофлича жавоблар олди.


Ушбу тадбир хотин-қизлар фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги