Олимлар худди Ерга ўхшаш сайёрада ҳаёт белгиларини аниқлашди (+видео)

286

Олимлар “James Webb”телескопи ёрдамида К2-18б деб номланган сайёра атмосферасида тирик организмлар билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган моддаларни аниқлашди. Бу моддалар Ердаги денгиздаги микроскопик жонзотлар – фитопланктонлар томонидан ҳосил қилинади.

Шу сабабли, олимлар эҳтимол, бу сайёрада ҳам ҳаёт бўлиши мумкин деб ўйлашмоқда. Лекин улар ҳали «ҳаёт топдик» деб аниқ айтишмаяпти, фақат ҳаёт аломати бўлиши мумкин бўлган моддаларни кўришганини айтишмоқда. Тадқиқот раҳбари бу ҳолатни: “Қуёш тизимидан ташқарида ҳаёт излашдаги катта бир қадам” деб атади.

К2-18б – Ерга қараганда 8 баравар оғирроқ, диаметри 2,5 баравар катта сайёра. У Қуёшга ўхшаш кичикроқ юлдуз атрофида айланишда давом этади ва бу юлдуз биздан 124 ёруғлик йили узоқда жойлашган.

Олимлар бу сайёра суюқлик (сув) билан қопланган, водородга бой ҳаво қатламига эга ва эҳтимол микроорганизмлар яшаши мумкин бўлган жой деб ўйлашмоқда. Олдин ҳам бу сайёрада метан, карбонат ангидрид ва ҳатто сув буғлари топилган эди.

Бироқ, олимлар ҳали ҳеч қандай шошилинч хулоса қилишни истамаяпти. Улар бу топилмаларни яна бир бор текшириш, бошқа сабаблардан пайдо бўлган бўлиши мумкинлигини ҳам аниқлаштириш кераклигини айтишмоқда. Чунки ҳеч ким “ҳаёт топдик” деб эрта баёнот беришни хоҳламайди.

Яна бир қизиқ янгилик: бошқа бир тадқиқотда олимлар ғалати орбитага эга сайёрани ҳам топишди. Бу сайёра ўз юлдузлари атрофида одатдагидан бутунлай бошқача – тик ҳолатда айланади. Бу каби орбитали сайёра илгари ҳеч қачон аниқланмаган эди.

Агар бошқа сайёрада ҳаёт аниқланиб, у ерга кўчиш имкони бўлганида сиз кўчиб кетармидингиз, фикрларингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг. Кейинги сонларда кўришгунча, хайр саломат бўлинг.

Ирода Жўраева, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА