Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тўртинчи сессияси тўғрисида ахборот

Жорий йил 29 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вазирликлар ва соҳа раҳбарлари, депутатлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев бошқариб борди.
Сессия кун тартибидаги дастлабки масала «Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда давлат органларининг очиқлигини таъминлаш масалалари қўмитаси раиси Ш.Отемисов маъруза қилди.
Мазкур Қонун 5 та моддадан иборат бўлиб, Қорақалпоғистон Республикасининг 2013 йил 5 июлдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги ва Қорақалпоғистон Республикасининг 2019 йил 27 мартдаги «Фуқаролар йиғини раисини сайлаш тўғрисида»ги қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Кун тартибидаги дастлабки масала тўлиқ кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги кейинги масала Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида Жўқорғи Кенгеснинг Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг ахбороти тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича қўмита раиси И.Сдиков маъруза қилди.
Қайд этилганидек, қўмита томонидан бугунги кунга қадар саноат, қурилиш, транспорт ва энергетика соҳасини ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенг ёйиш, «яшил энергия» улушини ошириш борасида аҳолини қийнаб келаётган масалаларни ҳал этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Шунингдек, Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорлар, белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш чоралари кўрилиб, бу ишлар давом этмоқда. Шу билан бирга, тегишли Президиум қарорлари қабул қилинди. Қўмитага аъзо депутатлар томонидан ҳудудларда аҳолини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан вазирлик, идора ва ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилиб, муаммоларга ижобий ечим топиш чоралари кўрилди.
Кун тартибидаги масала батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги кейинги масала ёшларни илм-фанга қизиқтириш ва илмий фаолиятга жалб этиш бўйича таълим муассасаларида олиб борилаётган ишлар ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Б.Отемуратов маъруза қилди. Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Сессия мажлисида Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорлари тасдиқланди.



Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тўртинчи сессияси ўз ишини якунлади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги