Инновацион технологияларни қўллаш замон талаби

335

Кегейли тумани Ийшан қала овул фуқаролар йиғинидаги “Юлдуз» фермер хўжалигида 2025 йилнинг ҳосили учун чигит экилган майдонларда агротехник тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, культивация, озиқлантириш, биоҳосил етиштиришга бағишланган кўргазмали семинар ташкил этилди.

Ўтказилган семинарда туман ҳокими А.Камалов, фермерлар, кластерлар, соҳага масъул раҳбарлар ва мутахассислар иштирок этди.

Семинарда чигит экилган майдонларнинг ҳолати, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажаришнинг аҳамияти, шунингдек, замонавий агротехника усулларидан фойдаланишнинг афзалликлари муҳокама қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ш.Тешаев ўз сўзида қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион технологияларни жорий этиш зарурлиги, замонавий технологияларни қўллаш, суғориш тизимларини такомиллаштириш орқали далаларда ҳосилдорликни ошириш ва сифатли маҳсулот етиштириш мумкинлигини таъкидлади.

Семинар давомида фермерларга ғўзаларни культивация қилиш, озиқлантириш, биоҳосил етиштириш ва бошқа агротехник ишларни тўғри бажариш бўйича амалий маслаҳатлар берилди.

Ўз навбатида Кегейли тумани ҳокими А.Камалов фермерларга айрим муаммолар юзага келганда давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдам ва қўллаб-қувватлаш ҳақида маълумот берди.

Семинар қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион технологияларни жорий этишга қаратилган муҳим қадам бўлиб, келгусида бу соҳада янада катта ютуқларга эришиш имконини беради.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси