Ёшларнинг вақти мазмунли ўтиб, ўзаро манфаатли мулоқотларга бой бўлди

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан олий таълим муассасаларидаги талаба-ёшлар ўртасида ташкил этилган «Талабалар баҳори» фестивали кўтаринки руҳда ўтди.
Ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган ушбу фестивални ўтказишдан асосий мақсад – талаба-ёшларнинг дунёга маънавий-мафкуравий қарашини шакллантириш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишини ташкил этиш ва истеъдодини юзага чиқаришдир.
Фестиваль доирасидаги тадбирлар Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ҳам ўтказилиб, тадбир факультетлар ўртасида бўлиб ўтган «Заковат» интеллектуал ўйини билан бошланди. Институт факультетларидан тузилган жамоалар ақл мусобақасига тушиб, Ватан, миллий ғоя, тарих, муносабатлар, дўстлик ва бошқа долзарб мавзуларда берилган саволларга белгиланган вақт ичида тез ва аниқ жавоб беришга ҳаракат қилди. Ғолиб жамоалар аниқланиб, муносиб тақдирланди.






«Global money Week» халқаро таълим компанияси доирасидаги тадбирда талабалар учун молиявий саводхонлик бўйича семинар-тренинг ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоқ давлат университети Молия кафедраси ассистенти А.Давлаталиева, волонтёр-талабалар А.Атамуратов, Н.Жарилқапова, В.Мақсетбаева, Ж.Нажмаддиновлар талаба-ёшларга молиявий саводхонликни ошириш бўйича «Банк депозитларидан қандай қилиб самарали фойдаланиш мумкин» лойиҳаси ҳақида тушунчалар берди.
Кўнгиллилар тайёрлаган тақдимотлари ёрдамида талаба-ёшларга сўнгги вақтда кўп учраётган кибержиноятлар, банк депозитлари ва истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳақида мисоллар орқали маълумотлар берилди.
Профессор-ўқитувчилар, соҳа мутахассислари ва шу йўналишда таълим олаётган талаба-ёшлар ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашиб, фикр алмашди.
Талаба-ёшлар ўртасида «Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш» мавзусида ўтказилган учрашувда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакилларининг қимматли маслаҳатлари тингланди.



Тадбирда Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат ишлари бўйича биринчи проректор М.Давлетмуратов, Жиноят ишлари бўйича Тахиатош тумани судьяси А.Давлетов, институт профилактика инспектори Т.Кенесбаев, декан ўринбосарлари, тюторлар ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Давлат хавфсизлиги ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ушбу маънавий-маърифий тадбирда 2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича қабул этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори («Сайёр суд» ва «Жиноят муҳокамалари») тўғрисида кенг маълумотлар берилди.
Ушбу қарорда кўрсатилган долзарб вазифалар, хусусан, мамлакатимизда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган янгича чора-тадбирларга кенг тўхталиб ўтилиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ёшлар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Фестиваль доирасида ушбу ўқув юртидаги талаба-ёшлар ўртасида «Мини футбол» бўйича ҳам мусобақа ташкил этилди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги