Оммавий спортни ривожлантириш долзарб вазифа

260

Кўпчиликка маълум бўлганидек сўнгги йилларда юртимизда барча соҳалар каби, спорт соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор ва спортчиларимизнинг Осиё, жаҳон чемпионатлари, Олимпиада ўйинларида қўлга киритган ютуқлари натижасида, мамлакатимиз спорти ривожланган кучли мамлакатлар қаторига кириб бормоқда.

Айниқса, ёшларимиз томонидан халқаро майдонларда қўлга киритилган ғалабалар юқорида айтиб ўтган сўзимизнинг яққол далилидир. Шу билан бирга, юртимизда оммавий спортни оммалаштиришга ҳам эътибор қаратилиб, уни янада ривожлантириш мақсадида, турли мусобақалар ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги «Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 мартдаги «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш «Яшил иқтисодиёт» йили доирасида «Eco-Save Aral-2025 ва Инсон учун» халқаро хайрия ва экологик оммавий югуриш мусобақаларини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уларни юқори савияда ташкил этиш тўғрисида»ги баённомаси асосида, жорий йилнинг май ва октябрь ойларида «Eco-Save Aral-2025 ва Инсон учун» халқаро хайрия ва экологик оммавий югуриш мусобақаларини ўтказиш режалаштирилган.

Нукус шаҳридаги 2-сонли спорт мактабида ушбу оммавий спорт мусобақасини ўтказишнинг мақсади ва унга тайёргарлик ишларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги бўлим бошлиғи И.Қудияров ва Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бўлим бошлиғи Ғ.Сейтимовлар томонидан мусобақани ўтказиш тартиби, мусобақа иштирокчилари, асосий мақсад ва вазифалар бўйича кенг тушунчалар берилди.

Шунингдек, тадбирда «Янги нафас» ва «Янги нафас – Иккидан» оммавий югуриш мусобақаларини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказилиши ҳамда Беш ташаббус олимпиадасини ўтказиш ва тақдирлаш тартиби бўйича ҳам тўхталиб ўтилди.






– Бу йилги югуриш марафонининг аввалгиларидан фарқи, ўтказиладиган мусобақада адаптив спорт турлари бўйича ҳам мусобақалар ўтказилади, – дейди Икром Қудияров.

Тадбирда журналистлар томонидан маърузачиларга бир қатор саволлар берилиб, уларга тегишли жавоблар олинди.

Адилбай Оразов,    

Қарақалпақстан ахборот агентлиги шарҳловчиси.