Маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини ошириш истиқболлари муҳокама қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан ташкил этилган «Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш истиқболлари» мавзусида экспортчи корхоналар вакиллари ва тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Ўнда Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори И.Эргашев, Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бошлиғи Р.Шербаев, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Косназаров, Божхона бошқармаси вакиллари, қишлоқ хўжалиги экспорти билан шуғулланувчи корхона раҳбарлари, деҳқон-фермерлар ва тадбиркорлар иштирок этди.
Тадбирни ўтказишдан мақсад – қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи тадбиркорлик субъектларини давлатимиз томонидан белгилаб берилган имтиёз ва қулайликлар билан таништириш, муаммо ва тўсиқларни аниқлаш ва ҳал этиш, уларнинг фикр-таклифларини эшитиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 апрелдаги «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш ва қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборат.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 февралдаги «Республикада мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт нархларини сунъий равишда пасайтириш ҳолатларининг олдини олиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва уларни экспортга чиқаришда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг «Агрокўмакчи» мобил иловасида яратилган қулайликлар ва ундан фойдаланиш ҳақида маълумотлар берилиб, назорат органлари мутахассислари томонидан мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишдаги талаблар ўз йўналишлари бўйича тушунтиришлар берилди. Хусусан, мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспортга чиқаришда уларнинг қадоқланиши, сифати ва калибрланишига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Президент қарорида 2025-2026 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ошириш ва қўшилган қиймат занжирини яратишнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланган.
Хусусан, 2025 йилда мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмини жами 3,5 миллиард АҚШ долларига етказиш, 2025 йил якунига қадар 8 та давлатга янги 30 турдаги маҳсулотлар экспорти учун фитосанитар рухсатномалар олиш, истиқболли бозорларга 2025 йилда 442 миллион АҚШ доллари, 2026 йилда 575 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини таъминлаш, шунингдек, 2025 йилда ҳудудларда жами 2,1 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотлари учун қадоқлар ишлаб чиқариш бўйича 40,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган.
Экспортёрлар томонидан мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишдаги муаммолари тингланиб, соҳа мутахассислари томонидан ўз йўналишлари бўйича берилган саволларга жавоб берилди ва қўшимча таклифлар билдирилди.


Қорақалпоғистон Республикасининг айрим турдаги маҳсулотлар экспортининг 2025-2026 йиллардаги истиқболли кўрсаткичлари сифатида мош, помидор, қовун, тарвуз ва сабзи каби маҳсулотлар ташкил этиб, уларнинг экспорти Хитой, Покистон, Япония, Жанубий Кореяга, Европа, Араб давлатлари ва бошқа давлатларга амалга оширилиши белгиланган. Бу орқали 2025 йилда 6 миллион 651,2 минг АҚШ доллари, 2026 йилда эса 8 миллион 646,5 минг АҚШ долларига етказиш прогноз қилинмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги