Қалбаки пуллардан эҳтиёт бўлинг!

445

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Тахиатош туманида қўлбола усулда тайёрланган қалбаки пул бирликларини муомалага киритмоқчи бўлган жиноий гуруҳ ҳаракатлари фош этилди.

Тезкор тадбир давомида фуқаро 200, 100, 50 ва 20 минглик купюрадаги жами 7 миллион 500 минглик қалбаки ўзбек сўмини 2,5 млн.лик ҳақиқий ўзбек сўми купюрасига сотаётган вақтида, тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинди.

Тадбир давом эттирилиб, ушбу фуқаронинг кўрсатмасига асосан, жиноятга алоқадорликда гумон қилинаётган шахсларнинг турар жойлари кўздан кечирилганда, қалбаки пул бирликларини ишлаб чиқаришда қўлланиладиган ноутбук, рангли принтер, турли ўлчамдаги қайчи ва чизғич буюмлари ашёвий далил сифатида олинди.

Албатта, қўлбола пуллар, пул назоратининг сусайишига, мамлакат иқтисодиётига таъсир кўрсатиб, инфляциянинг ошишига сабаб бўлади.

Мазкур ҳолат юзасидан бошқарма томонидан 8 нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги