Эзгу ғоялар тарғиб қилиниб, дўстлик, тотувлик тараннум этилди

183

Бугун, 15 апрель куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида «Ўзбекистон – кўп миллатли аҳил оила» мавзусида фестивал бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Р.Нуразизов, университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари, шунингдек, Наманган давлат техника университети ва Урганч давлат университетларидан делегациялар иштирок этди.

Дастлаб меҳмонлар талабалар томонидан яратилган миллий либослар, ҳунармандчилик намуналари, расмлар кўргазмаларини томоша қилди.

Тадбирни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори А.Реймов кириш сўзи билан очди. Фестивалда сўзга чиққанлар Президентимиз раҳнамолигида миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлаш, бағрикенглик ва меҳр-оқибат муҳитини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини ҳамда бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг мустаҳкам тарихий мероси, бой маданияти ва халқаро алоқалари билан нафақат Марказий Осиёда, балки бутун дунёдаги муҳим маданий ва сиёсий марказлардан бирига айланиб бораётганини, «Янги Ўзбекистон» деган тушунча нафақат мамлакатимизнинг янги сиёсий тизимини, балки халқимизнинг янги дўстлик ва маданиятга бўлган муносабатини ҳам ифода этишини таъкидлади.

Турли миллатлар ўртасидаги меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу бежиз эмас. Ўзбекистон тараққиётининг асоси – бу барқарорлик, тинчлик ва халқлар ўртасидаги дўстликдир. Ана шундай муҳитда яшаётган ҳар бир инсон ўз салоҳиятини тўла рўёбга чиқариши, келажакка ишонч билан қараши мумкин. Фестивалнинг энг қизиқарли қисми ёшлар иштирокида бўлиб ўтди. Талабалар ўзларининг саҳна кўринишларида дўстлик, тинчлик, ҳамжиҳатлик каби эзгу ғояларни тарғиб этиб, юртимиз равнақига хизмат қилишга тайёр эканликларини намойиш этдилар. Албатта, бундай тадбирлар нафақат ёшлар қалбида миллатлараро тотувлик, ватанпарварлик ва инсонпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий қиёфасини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутади.

Ушбу фестиваль юртимизда яшаётган ҳар бир миллат вакилининг она юрти – Ўзбекистон бағрида нақадар эркин ва тинч ҳаёт кечираётганини яна бир бор намойиш этди. Шунингдек, иштирок этган меҳмонлар, талаба-ёшлар ва жамоатчилик вакиллари юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оиланинг фарзандларидек аҳил яшаётганлиги ранг-баранг маданий тадбирларда ўз аксини топганлигининг гувоҳи бўлди. Уларнинг ҳар бири ўзининг бетакрор маданияти, урф-одат ва анъаналари билан юртимизнинг ранг-баранг маданий қиёфасига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ўзбекистон дунёдаги кам сонли давлатлардан бири бўлиб, унда миллий тотувлик ва диний бағрикенглик сиёсати давлат даражасида олиб борилади. Ҳар бир миллат вакилининг ўз она тилида сўзлашиши, таълим олиши, маданиятини ривожлантириши учун барча имконият ва шароитлар яратиб берилган.

Республикамиз бўйлаб фаолият кўрсатаётган юзлаб миллий маданий марказлар, миллий театрлар, ижодий уюшмалар ана шундай имкониятларнинг ёрқин далилидир. Фестиваль доирасида миллий либослар кўргазмаси, саҳна чиқишлари ва концерт дастурлари йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди. Ҳар бир чиқиш, ҳар бир қўшиқ, халқ рақслари йиғилганларга ўзгача завқ бағишлади.



– Мамлакатимиз тараққиётининг асоси – бу барқарорлик, тинчлик ва халқлар ўртасидаги дўстликдир. Мана, бу дўстлик манзаралари бугун университетимизда бўлиб ўтган фестивалда ўз аксини топди. Албатта, бу дўстона муносабатлар мамлакатимиз келажагини белгилаб, юртимиз тараққиётига замин яратади, – дейди Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультетининг 3-студенти И.Утеулиев.

Фестивалда талаба-ёшлар фаол иштирок этиб, улар ўзларининг машҳур саҳна кўринишларида дўстлик, тинчлик, ҳамжиҳатлик каби эзгу ғояларни тарғиб этиб, юртимиз равнақига хизмат қилишга тайёр эканликларини намойиш этди. Албатта, бундай тадбирлар нафақат ёшлар қалбида миллатлараро тотувлик, ватанпарварлик ва инсонпарварлик туйғуларини мустаҳкамлайди, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ошишига ҳам замин яратади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги