Қишлоқ аҳолиси депутатдан миннатдор бўлмоқда

Инсонпарварлик – улуғ фазилат. Меҳр-шафқат, ўзгаларга яхшилик қилиш билан яшаш инсоннинг инсоний фазилатларидан бири. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Алишер Жуманазаров ҳам ана шундай тамойилларга амал қилиб яшайди.
Депутат туманда тажрибали тадбиркор сифатида танилган. Мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни раҳбарликка олган ҳолда, юрт равнақи, туман ва қишлоқ аҳолисининг оғирини енгил қилиш, ижтимоий ёрдам, камбағалликдан фаровонликка тамойили, бандлик ва тадбиркорликка энди кириб келаётган ёш тадбиркорларга амалий ва моддий ёрдам кўрсатиш борасида олиб борилаётган эзгу ишлари барчани қувонтирмоқда.
А.Жуманазаров фидойи, халқпарвар, жонкуяр тадбиркор бўлиш билан бирга, депутат сифатида ҳам халқ ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда. Унинг бевосита саъй-ҳаракатлари билан Нукус туманининг «Саманбай,» «Намунали макон,» «Оқманғит,» «Деҳқон арна» ва «Тақиркўл» маҳаллалари кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Халқ вакилининг эътибори ва ғамхўрлиги туфайли «Намунали макон» МФЙ да аҳоли учун қатор қулайликлар яратилди. Аҳоли мурожаатлари асосида ички йўллар тартибга келтирилиб, қум-шағал аралашмаси ётқизилди. Депутатнинг кўмагида 19-сонли мактаб ҳудудини суғориш учун артизан қудуғи қазиб берилди. Бўш ва қаровсиз қолган 1 гектарга яқин майдонни кўкаламзорлаштириш ва дарахт кўчатларини экиш учун трактор ёрдамида текислаш ишлари олиб борилди. «Бессаға» қишлоғида 500 га яқин хонадонда яшовчи фуқароларнинг кун давомида манзилларига ўз вақтида етиб боришида муаммолар борлиги сабабли, янги автобус қатнови йўлга қўйилди. Автобус қатновларининг йўлга қўйилиши қишлоқ аҳолиси, айниқса, 4-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари учун катта қулайлик яратди.
– Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, инсон манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиб, камбағалликдан фаровонликка эришиш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилаётган бир пайтда халқимиз биз депутатлардан катта масъулият ва депутатлик мажбуриятини кутиши аниқ. Бу мажбурият мени доимо халқимизнинг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган вазифаларни амалга оширишга ундамоқда. Халқимизда «Савоб ишни ҳар ким, ҳар қачон қилиши керак» деган доно сўз бор. Хайрли ишлар қилиш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш – инсоннинг энг олий фазилатларидан биридир. Шундай экан, биз ҳар биримиз имкониятимизга қараб атрофдагиларга ёрдам беришга ҳаракат қилишимиз керак, – дейди депутат Алишер Жуманазаров.
Халқ вакили ана шундай хайрли ишга яна бир бор қўл урди. Унинг ташаббуси билан Нукус тумани «Саманбай» ҚФЙ ҳудудидаги 534 хўжаликнинг томорқа ерларига энди сув ўз вақтида ҳеч қандай қийинчиликларсиз етиб бормоқда.
Депутатнинг ушбу маҳалладаги сайловчилар билан ўтказган учрашувида «Қаттағар» қишлоғи аҳолиси томорқа ерларини суғориш учун қишлоқ ҳудудидан ўтувчи «Қаттағар» каналига ўрнатилган эски сув насоси тез-тез бузилиб, ишдан чиқиши натижасида хонадонларнинг томорқа ерларига сув ўз вақтида етиб боришида муаммолар пайдо бўлаётганлиги сабабли, халқ вакилидан каналга янги сув насосини қуриб беришга амалий ёрдам сўраган эди.
Мурожаат кўриб чиқилиб, кўп куттирмай ижобий ҳал этилди. Депутат, Алишер Жуманазаров ўз ҳомийлиги ҳисобидан, эски сув насоси ўрнига кам электр энергиясини сарфлайдиган, сув чиқариш қуввати юқори, диаметри 350 мм бўлган замонавий сув насосини қўшимча барча ускуналари билан бирга ўрнатиб берди.
Шу муносабат билан, маҳалла аҳли ва нуронийлар депутатга ўз миннатдорчилигини билдирган ҳолда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати -Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг келгуси фаолиятига ва хайрия ишларига муваффақиятлар тилади.
– ЎзЛиДеП дан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига сайланган депутат А.Жуманазаровнинг маҳалла аҳлига кўрсатган беғараз ёрдамидан чексиз хурсандмиз. Депутатнинг бевосита раҳбарлигида, қишлоғимизга замонавий сув насосини қуриб берди. Унга қишлоқ халқи номидан миннатдорчилик билдирамиз. Инсон қадри улуғланаётган юртда яшаётганимиздан фахрланамиз,-дейди Саманбай ҚФЙ раиси Ниетбой Умаров.




Қорақалпоғистон ахборот агентлиги